Ўзбекистон | 15:53 / 08.09.2022
9896
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХХ базасидаги носозликлар навбатлар ва асаббузарликларни юзага келтирмоқда

ЙҲХХ электрон тизимлари модернизация қилинганидан кейин носозликлар рўй бера бошлади. Натижада ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, давлат рақами, ишончнома ва “тонировка” рухсатномаси билан боғлиқ амалиётларни бажаришда узилишлар кузатиляпти. Бу эса ЙҲХ идоралари ва нотариусларда фуқаролар норозилигига сабаб бўляпти.

ЙҲХХ видеосидан кадр

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз электрон тизимларини янгилади, лекин янгиланган тизим узилишлар билан ишлаяпти.

Модернизация ва техник профилактика ишлари дам олиш кунларида ўтказилиши режа қилинганди. Шу сабаб “Автомототранспорт ҳисоби” ва “Ҳайдовчилик гувоҳномаси” тизимлари 31 август соат 20:00дан 5 сентябр соат 07:00гача ишламаган.

Лекин 5 сентябр, душанбадан янада сифатлироқ ҳолда ишга тушиши керак бўлган электрон тизимларда нуқсонлар кузатиляпти.

ЙҲХХ сешанба ва чоршанба кунлари берган изоҳларда тизимда “вақти-вақти билан техник таъминлаш ишлари олиб борилаётгани” айтилган, фуқаролардан узр сўраган ҳолда бу вазиятни тўғри баҳолаш сўралган.

“Ушбу тизим сифат жиҳатдан янада мукаммаллаштирилиб, фуқароларга самарали хизмат кўрсатилиши таъминланади”, – дейилади расмий ахборотда.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга қараганда, электрон тизимда бир неча кундан бери давом этаётган носозликлар ЙҲХХ рўйхатга олиш масканлари, Давлат хизматлари марказлари ва нотариусларда фуқаролар норозилигига сабаб бўляпти.

Узилишлар сабаб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва алмаштириш, автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш ва гувоҳнома (техпаспорт) олиш, автомобилга давлат рақамини олиш, автомобил бошқариш учун ишончнома бериш, автомобил ойналарини қорайтириш учун рухсатнома олиш хизматлари беқарор ишлаяпти.

Давлат хизматлари my.gov.uz порталидаги изоҳга кўра, узилишлар “Автомототранспорт ҳисоби” ва “Ҳайдовчилик гувоҳномаси” ахборот тизимлари янги “Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими”га ўтказилаётгани билан боғлиқ.

Тизимлардаги техник носозликларга қачон барҳам берилиши ҳозирча маълум эмас.

Мавзуга оид