08:32 / 13.09.2022
6255

БМТ: 50 миллион одам замонавий қулликда

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, беш йил ичида меҳнат қуллигидаги ёки мажбурий никоҳда яшаётганлар сони 10 миллионга ошган.

Фото: AFP

2016 йилдан буён замонавий қуллар сони 25 фоизга ошган: 28 миллион киши мажбурий меҳнатга жалб қилинган, яна 22 миллион киши ўз хоҳишига қарши никоҳ тузган. Бундай маълумотлар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро миграция ташкилоти (МТ) ва Walk Free халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳининг 12 сентябр, душанба куни эълон қилинган қўшма ҳисоботида келтирилган. 2016 йилда уларнинг умумий сони 40,3 млнни ташкил этган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мажбурий меҳнатга жалб қилинганларнинг аксарияти Осиё-Тинч океани минтақасида - 15,1 миллион киши. Европа ва Марказий Осиёда 4,1 миллион, Африкада 3,8 миллион, Америкада 3,6 миллион, араб мамлакатларида 0,9 миллион мажбурий меҳнат ҳолатлари қайд этилган. 
 
Одамларни зўравонлик билан эксплуатация қилиш дунёнинг деярли барча мамлакатларида қайд этилган, дея таъкидлайди тадқиқот муаллифлари. Шунга қарамай, барча қулликларнинг ярмидан кўпи ва мажбурий никоҳларнинг тўртдан бири ўртача даромадли мамлакатларда содир бўлади. Мигрантлар бошқа катта ёшли ишчиларга қараганда уч баробар кўпроқ «қул» бўлиб қолишади. 

Улар, айниқса, ноқонуний ёки нотўғри бошқариладиган миграция тизими, шунингдек, ишга қабул қилиш қоидалари ва этикасининг бузилиши туфайли одам савдосига мойил, деб ёзади тадқиқотчилар. Мигрантларнинг мажбурий меҳнат ва одам савдосига нисбатан заифлигини камайтириш, биринчи навбатда, миграция жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни таъминлайдиган миллий сиёсат ва қонунчилик асосларига боғлиқ, деди МТ раҳбари Антонио Виторино. 

Мажбурий меҳнат ҳолатларининг катта қисми (86 фоизи) хусусий секторга тўғри келади. Уларнинг 23 фоизи тижорат мақсадида жинсий эксплуатацияга, 63 фоизи эса бошқа соҳалардаги мажбурий меҳнатга тегишли. 14 фоиз ҳолларда мажбурий меҳнат буни давлат мажбурлови остида амалга оширади. Меҳнатга мажбурланганлар орасида 3,3 миллион нафар болалар бор. Уларнинг ярмидан кўпи тижорат мақсадида жинсий эксплуатацияга учраган, дейилади ҳисоботда. 

Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда 22 миллион киши мажбурий никоҳда яшаган, бу беш йил олдингига нисбатан 6,6 миллионга кўп. Бироқ бундай мажбурий никоҳларнинг, айниқса, 16 ёшгача бўлган болалар иштирокидаги никоҳларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин, дея огоҳлантиради муаллифлар. Кўпинча бундай никоҳлар ўзига хос патриархал муносабатлар ва урф-одатлар билан боғлиқ: мажбурий никоҳларнинг 85 фоиздан ортиғи қариндошларнинг босими остида рўй беради. 

Мажбурий никоҳларнинг учдан икки қисми (65 фоизи) Осиё-Тинч океани минтақасида содир бўлади. Араб давлатларида ҳар 1000 кишидан деярли бештаси мажбуран турмушга чиқади, бу дунёдаги барча минтақалар орасида энг юқори кўрсаткичдир. 

Top