Жаҳон | 13:02 / 26.09.2022
9240
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда январ воқеалари қатнашчиларини амнистия қилиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакатда январ ойида содир бўлган тартибсизликлар иштирокчиларини амнистия қилиш бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжат «Очиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар» майдончасига жойлаштирилган.

Фото: AP Photo / Sergei Grits

Идора ҳужжатни ишлаб чиқиш учун асос сифатида Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг январ воқеалари қатнашчилари учун бир марталик амнистия ўтказиш бўйича берилган топшириғини келтирмоқда, деб ёзади Экспресс К.

Ҳужжатга кўра, жиноий хатти-ҳаракатлар, шунингдек катта бўлмаган ва ўрта оғирликдаги жиноятларни содир этган шахсларни тўлиқ жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилмоқда. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга эса жазо муддати қисқартирилади, — дейилади ҚР Бош прокуратураси таклифида.

Қонун лойиҳаси давлатга хоинлик, оммавий тартибсизликлар ташкил этиш, коррупцион жиноятлар, террорчилик ва экстремизм билан боғлиқ жиноятлар, қийноқлар билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахсларга, шунингдек, жиноятларнинг рецидиви ва хавфли рецидиви учун жазо белгиланган жиноятларга татбиқ этилмайди.

ҚР Бош прокуратурасининг яна хабар қилишича, январ воқеалари бўйича 391 та (амнистияга тушадиган) жиноят ишлари сони судгача тергов органларида ушлаб турилибди. Уларга кўра, 383 нафар гумонланувчилар ва айбланувчилар ўтмоқда. Уларнинг 153 нафари яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат берган, 147 киши ҳибсга олинган, 24 киши уй қамоғига ҳукм қилинган, 19 киши гаров эвазига озод қилинган, 2 киши шахсий кафиллик билан озод қилинган. 28 кишига эҳтиёт чораси қўлланилмаган ва 10 кишига қидирув эълон қилинган.

Суд жараёнида 102 кишига тааллуқли 36 та жиноят иши кўрилмоқда. 1035 киши суд ҳукми ўқилган. Уларнинг 93 нафари озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо ўтамоқда, 930 киши пробация остида, 3 кишига жарима қўлланилган, жамоат ишларига 9 киши жалб қилинган. Ҳеч ким ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинмаган.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига қилган мурожаатномасида январ воқеалари иштирокчиларига амнистия қўлланилишини эълон қилган эди.

Мавзуга оид