14:40 / 30.09.2022
4400

АҚШда «Иан» бўрони камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Флорида штатида АҚШ тарихидаги энг кучли довуллардан бири юз берди. Расмийлар табиий офат натижасида қанча одам ҳалок бўлганини ҳозирча ҳисоблашни ўз зиммасига олганича йўқ.

Фото: Live Storms Media

АҚШнинг Флорида штатида соатига 240 километр тезликда қирғоққа яқинлашиб, ҳалокатли вайронагарчиликларга сабаб бўлган «Иан» довули қурбонлари сони ортиб бормоқда. Маҳаллий ОАВ расмийларга таяниб, 30 сентябр, жума куни эрталаб камида 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Флорида губернатори Рон ДеСантис эса қурбонлар сонини ҳисоблашга ҳали эрта эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, юзлаб одамларнинг тақдири ҳамон қутқарувчилар ёрдамига боғлиқ.

«Иан» тропик бўрон даражасига вақтинча туширилганидан сўнг, метеорологлар уни яна довул даражасига кўтариб, «ҳаёт учун хавфли, ҳалокатли» сув тошқини, шамол ва кучли ёғингарчилик хавфи ҳақида огоҳлантирдилар. 29 сентябр оқшомида «Иан» Жанубий ва Шимолий Каролина штатларига йўл олди. Жанубий Каролинанинг бутун қирғоқбўйи минтақаси, шунингдек, Жоржия ва Шимолий Каролина штатларининг бир қисми учун бўрон ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Метеорологлар қирғоқбўйидаги ҳудудларга тўғри келгунга қадар бўрон яна кучайишини кутишмоқда.

«Иан» Флорида қирғоқларига 28 сентябрь куни тушдан кейин етиб келди. Бўрон шамоллари кўп сонли биноларни вайрон қилди, дарахтларни қулатди ва электр узатиш линияларини бузди. Айниқса, Форт-Майерс ва Нейплс шаҳарларида кучли вайронагарчилик юз берди. Нейплсда бутунбошли мавзеларда сув остида қолган. Видеокадрларда бутунлай сув босган кўчалар, улар бўйлаб автомобиллар сузиб юрганини кўриш мумкин. 2,6 миллиондан ортиқ одам электр энергиясиз қолди.

Top