Жаҳон | 08:09 / 12.10.2022
10145
2 дақиқада ўқилади

Россия озиқ-овқат эмбаргосини 2023 йил охиригача узайтирди

Санкцияларни қўллаб-қувватлаган мамлакатлардан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш ва ушбу қоидаларни бузган ҳолда импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини йўқ қилишни назарда тутувчи чора-тадбирлар саккизинчи марта узайтирилди.

Фото: EPA-EFE/URS FLUEELER

Россияда озиқ-овқат эмбаргоси, яъни Россияга хорижий давлатлардан бир қатор товарларни етказиб беришни тақиқлаш 2023 йил охиригача узайтирилди. Россия президенти Владимир Путиннинг 11 октябр, сешанба куни имзоланган тегишли фармони ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди.

Европа иттифоқи, АҚШ, Австралия, Норвегия, Канада ва Украинадан гўшт, колбаса, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, сабзавотлар, мева ва сут маҳсулотларини Россияга олиб киришни тақиқлашни назарда тутувчи «алоҳида махсус иқтисодий чоралар» 2014 йил август ойида жорий этилганди. Москвага кўра, улар «Россия хавфсизлигини таъминлаш»га қаратилган.

Чекловлар ўша йилнинг бошида Украинанинг Қрим яримороли Россия томонидан аннексия қилиниши муносабати билан Россияга қарши санкциялар жорий этган мамлакатларнинг маҳсулотларини ўз ичига олган.

2015 йил июль ойида Владимир Путин Россияга ноқонуний олиб кирилган ғарб товарларини йўқ қилиш тўғрисида қарор чиқарди. 5 йил давомида Росселхознадзор импорти тақиқланган 36,17 минг тонна маҳсулотни аниқлади ва йўқ қилди.

Бугунги кунга қадар ушбу «озиқ-овқатга қарши санкциялар» Россияда етти марта узайтирилди.

ЮНИСЕФнинг 2021 йил ёзида эълон қилинган дунёдаги озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги ҳисоботида айтилишича, 2018-2020 йиллар давомида Россияда тўққиз миллиондан ортиқ одам озиқ-овқат танқислиги шароитида ва очарчилик ёқасида яшаган.

БМТ маълумотларига кўра, бу даврда 400 минг россиялик «ўта заиф» гуруҳга киритилган. Булар очарчилик ёқасида яшовчи ва керакли миқдорда озиқ-овқат ололмайдиган одамлардир.

Шу билан бирга, 8,7 миллионга яқин одам (ўша пайтдаги Россия аҳолисининг қарийб 6 фоизи) «ўртача заиф» тоифасига кирди. Улар ҳар куни овқатланган, лекин порция ва сифатни тежашга мажбур бўлишган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид