Жаҳон | 20:12 / 24.10.2022
25824
3 дақиқада ўқилади

Коммунистик партия қурултойидан кейин Хитой миллиардерлари бойлиги камайди 

Хитойда ўтказилган Коммунистик партия қурултойидан сўнг, мамлакатнинг энг бой 10 нафар ишбилармони бойлиги деярли 7 миллиард долларга қисқарди. 

Фото: ТАСС

Bloomber хабарига кўра, бу Хитой раҳбари Си Жинпингнинг учинчи муддатга сайланиши ва унинг бойлар билан хусусий бизнесга босим ўтказиш сиёсати билан боғлиқ. Сармоядорлар бундай сиёсатнинг яна давом этишидан хавотирга тушмоқда. 

Forbes Real-Time маълумотларига кўра, Коммунистик партия қурултойи якунланганидан кейинги савдонинг биринчи кунида Хитойнинг 10 нафар энг бадавлат ишбилармонининг умумий бойлиги 6,9 миллиард долларга камайган. 

Жумладан, Хитойнинг энг бой одами, шиша идишли сув ишлаб чиқарувчи Nongfu Spring компанияси эгаси Чжун Шаншан бойлиги бир кунда 2 миллиард долларга камайиб, 59,8 миллиардга тушган. Tencent интернет гиганти асосчиси Ма Хуатен бойлиги бир кунда 2,4 миллиард долларга камайиб, 24 миллиардга тушган. Юқори ўнталикка кирувчи бошқа бойларнинг давлати ҳам қарийб 1 миллиард долларга қисқарган.  

Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи 16-22 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Унинг асосий натижаларидан бири — Си Жинпинг Коммунистик партия Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига учинчи марта қайта сайлангани бўлди. У аввал бой одамлар ва хусусий бизнесга босим ўтказувчи сиёсатни олиб борган.  

Қурултойдан сўнг, Хитой компаниялари акциялари сотиладиган Ҳонгконг биржасидаги Hang Seng индекси 7,3 фоизга тушиб кетди. Асосий сабаб – хорижий инвесторлар Хитой компаниялари акцияларидан воз кеча бошладилар. Юан курси эса 2008 йил январдан буён энг паст даражага тушди. 

Аммо, Коммунистик партия қурултойи ва Си Жинпинг қайта сайланишидан олдин ҳам Хитой миллиардерлари учун вазият осон эмас эди. 2022 йил улар учун шахсий бойлик нуқтаи назаридан сўнгги ўн йилликдаги энг ёмони бўлиши мумкин. Хитой иқтисодиётига коронавирус билан боғлиқ сиёсат ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Унга кўра, инфекция ҳолатлари аниқланса, аҳоли пунктлари ва ҳатто катта шаҳарлар ҳам карантинга ёпилмоқда.  

Душанба куни эълон қилинган маълумотларга кўра, Хитой ялпи ички маҳсулоти 2022 йилнинг учинчи чорагида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга ўсди. Иқтисодий ўсиш кутилганидан яхшироқ бўлди. Бироқ инвесторлар иқтисодиётнинг тикланишига Covid-19 туфайли жорий қилинаётган чекловлар, мулк бозоридаги узоқ муддатли пасайиш ва глобал таназзул хавфи тўсқинлик қилишидан қўрқишади. 

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид