15:50 / 28.10.2022
5068

Россияликларнинг антидепрессантларга харажати йил давомида 70 фоизга ошди

Январдан сентябргача россияликлар антидепрессантларга 5 миллиард рубль сарфлади, бу 2021 йилга нисбатан 70 фоизга кўп, дея хабар беради Илғор технологияларни ривожлантириш маркази. 

Фото: AP

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Россияда антидепрессантларга сарфланган маблағ 5 миллиард рублга етди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга кўп. Дори қадоқларида ўсиш 48 фоизни ташкил этди: россияликлар тўққиз ой ичида 8,4 миллион қадоқ антидепрессант сотиб олди. Бу ҳақда 28 октябр, жума куни Илғор технологияларни ривожлантириш маркази маълумотларига таяниб, ТАСС хабар берди

Марказнинг таъкидлашича, депрессияни даволаш учун дори воситалари оқими 32 фоизга ошган. Улар чет элдан 42 фоизга кўпроқ импорт қилинган. Маҳаллий антидепрессантлар ишлаб чиқариш ҳам ўсди - 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга. Бундай дори-дармонларга бўлган талабнинг энг юқори даражаси Москва, Санкт-Петербург, Москва вилояти, Карелия ва Ростов вилоятида қайд этилган.

Марказ маълумотларига кўра, тинчлантирувчи воситаларни истеъмол қилиш 2021 йилнинг биринчи тўққиз ойи билан солиштирганда сотилган қадоқлар сони бўйича 44 фоизга ва харажатларда 56 фоизга ошган. Ушбу дорилар Псков, Тамбов, Липецк ва Смоленск вилоятларида энг фаол сотиб олинган. Бундай дорилар импорти 12 фоизга камайди, Россияда ишлаб чиқариш эса 21 фоизга ошди. Натижада уларнинг бозордаги ҳажми 15 фоизга ортди.

Агар сотувлар суръати бир хил даражада қолса, антидепрессантларнинг захиралари 2023 йил апрелгача, тинчлантирувчи воситалар эса март ойигача етади, дея тахмин қилган Илғор технологияларни ривожлантириш маркази мутахассислари. 

Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришининг деярли бошиданоқ Россия бозорида антидепрессантлар ва тинчлантирувчи воситалар сотувининг кескин ўсиши қайд этилган. Шундай қилиб, 28 февралдан 6 мартгача, DSM Group агентлиги маълумотларига кўра, антидепрессантларга бўлган талаб уч баравар ошди ва харажатлар тахминан 526 миллион рублни ташкил этди - ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 баравар кўп. 

Июль ойида таҳлил компаниялари Россияда 2022 йилнинг олти ойида антидепрессантлар, турли ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилнинг январидан июнига нисбатан 52-66 фоизга кўпроқ сотиб олингани ва унга 77-87 фоизга кўпроқ пул сарфланганини маълум қилди. «Одамлар Украинадаги қариндошлари ва уларнинг келажаги ҳақида қайғурмоқда», - деди RNC Pharma ривожлантириш бўйича директори Николай Беспалов ўзгаришлар ҳақида. 

Top