13:15 / 29.10.2022
10538

2022 йилда 18 нафар россиялик Ўзбекистон фуқаролигини олгани маълум қилинди

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Улуғбек Муҳамедовга кўра 2022 йилнинг 9 ойида 318 156 нафар россиялик мамлакатимизга келган. Шундан 18 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

Фото: Reuters

ИИВ мулозими ЎзАга берган интервьюсида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кириб келганлар, фуқароликни олганлар, ишлашга келганлар сонини очиқлаган.

“Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 318 156 нафар Россия федерация фуқаролари мамлакатимизга келган. Уларнинг 210 минг 902 нафарини эркаклар, 107 минг 254 нафарини аёллар ёшга боғлиқ равишда 109 минг 417 нафарини 18 ёшдан 30 ёш оралиғигача бўлганлар, 117 минг 625 нафарини 30 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар, 73 минг 858 нафари 55 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этади.

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуни 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Президент томонидан чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қонунда белгиланган талаблар (чет давлат фуқаролигидан воз кечиши, республика ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида 5 йил муқим яшаши, қонуний тирикчилик манбаига эга бўлиши, давлат тилини лозим даражада билиши) қўлланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериши мумкинлиги белгиланган.

Ҳозирга қадар 18 нафар Россия Федерацияси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган”, дея Улуғбек Муҳамедовдан иқтибос келтирмоқда Миллий ахборот агентлиги.

ИИВ бошқарма бошлиғи Россия Федерацияси фуқароларининг аксарияти Ўзбекистонга доимий яшаш ёки фуқароликни олиш мақсадида эмас, вақтинча яшаш мақсадида кириб келаётганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, 2021 йил 9 ойи давомида ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан 1646 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар турган жойи бўйича доимий рўйхатга олинган бўлса, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 1821 нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий рўйхатга олинган. Уларга чет эл фуқароси учун мўлжалланган яшаш гувоҳномаси – ID-карталар расмийлаштириб берилган.

Top