Ўзбекистон | 20:37 / 22.11.2022
24145
2 дақиқада ўқилади

ХТВ ва ССВ тизимларида бюджетнинг 77 млрд сўми ноқонуний ишлатилди

2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида бажарилмаган ишларни “бажарилди” қилиб кўрсатиш, ўрнатилмаган ускуналарни “ўрнатилди” деб расмийлаштириш ҳисобига 100 млрд сўмдан ортиқ давлат пуллари ноқонуний сарфланган. Молиявий қонунбузилишлар қиймати халқ таълими тизимида 47 млрд, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўмга тенг бўлган.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида вазирликларнинг бюджет маблағларини ноқонуний сарфлашига оид, Давлат молиявий назорати инспекцияси аниқлаган маълумотлар очиқланди.

Депутат Ботир Мардаевнинг эътибор қаратишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тариф разрядларининг нотўғри қўлланиши, иш ҳақи ва моддий ёрдам тўловлари ортиқча тўланиши ҳисобига 138 млрд сўмга яқин хато ва камчиликлар қайд этилган.

Хусусан, халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўм, мактабгача таълим тизимида 7 млрд сўм, Маданият вазирлигида 5,5 млрд сўмга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, бажарилмаган ишларни “бажарилди” қилиб кўрсатиш, бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобидан ўрнатилмаган ускуналарни “ўрнатилди” деб расмийлаштириш ҳисобига 100 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари ва умуман 139 млрд сўм бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, келажакда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вазирликлардаги ички аудит тизимлари такомиллаштирилади.

Мавзуга оид