20:35 / 25.11.2022
10756

Зарафшонда ойна ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушди

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, президент 2018 йилда вилоятга ташрифи чоғида ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган. Бугун давлат раҳбари иштирокида “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширишга бағишланган маросим бўлди.

Ҳозиргача бундай корхоналар Фарғона ва Жиззахда бор эди. Мана, уларнинг сафига янги барпо этилган, кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Зарафшон ойна” корхонаси ҳам қўшилмоқда. У келгусида янада ривожланиб, халқимизга хизмат қилишига ишонамиз”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 миллион квадрат метр. Маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам мўлжалланган. Бу ерда 700 киши иш билан таъминланган.

Тадбирда Ғозғон шаҳридаги “Maрмаробод” корхонаси билан ҳам видеоалоқа орқали боғланилди. У мармар ва гранит тошларни қазиб олиб, қайта ишлашга ихтисослашган. Хитой ва Эрон давлатларидан ускуналар олиб келиниб, муҳандис ва мутахассислар жалб қилинган. 300 киши иш билан таъминланган.

Шунингдек, давлат раҳбари Навоий шаҳридаги “Гидро Станко Сервис” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишган. Мазкур МЧЖда тоғ-кон, металлургия, кимё, энергетика корхоналари учун машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган. Натижада 2021 йилда 12 миллион доллардан зиёд валюта маблағларини тежашга эришилган. Жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш миқдори 23 миллион доллар бўлиши кутилмоқда.

Top