16:22 / 28.11.2022
13188

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга қаратилган сохта аккаунтлар аниқланди – Meta

Иллюстратив фото / Tengrinews.kz

АҚШ ҳарбийлари билан алоқадор шахслар Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга қаратилган уюшган операциялар учун ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтларни юритган. Бу ҳақда Meta компанияси ҳисоботида айтилади.

«Биз сохта аккаунтларга асосланган бир неча фаол кластерни топдик, уларнинг баъзилари тадқиқотимиздан олдин автоматлаштирилган тизимларимиз томонидан аниқланди ва ўчирилди. Ушбу минтақавий кластерлар Эрон, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкага қаратилган эди.

Ҳар бир кластер маълум бир мамлакатда оид спорт ва маданиятни ўз ичига олган муайян мавзуларни ёритган, шунингдек, АҚШ билан ҳамкорлик қилган, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам. Бундан ташқари, Эрон, Хитой ёки Россияни танқид қилган», деб ёзди Meta.

Ҳисоботда қайд этилишича, ушбу тармоқ ортида турган одамлар ўзларини тегишли мамлакатнинг маҳаллий аҳолиси сифатида кўрсатган. Операция ортида турганлар ўз шахсини яширишга уринган, бироқ Meta уларнинг АҚШ ҳарбийларига алоқадор шахслар билан яқинлигини аниқлаган.

Meta маълумотларига кўра, тармоқ Қўшма Штатларда пайдо бўлган ва Афғонистон, Жазоир, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Сомали, Сурия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Яман каби қатор давлатларни қамраб олган.

Операциялар Twitter, YouTube, Телеграм, VKontakte ва Одноклассники каби кўплаб ижтимоий тармоқларда амалга оширилган.

«Баъзи саҳифалар кичик медиа-брендларга эга бўлиб, турли интернет-сервисларида, жумладан Twitter, YouTube, Telegram, Россиянинг VKontakte ва Одноклассники тармоқларида, блоглар ва веб-сайтларда мавжуд бўлган. Улар ўзларининг мақсади бўлган давлат ҳақида видеолар, мақолалар, фотосуратлар ва мемларни жойлаштирган. Ҳар бири уларга ўз логотипини қўйган, бу эса контентни янада ноёб ва ишончли кўрсатган», дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда, шунингдек, ушбу фаолият ортидаги одамлар асосан араб, форс ва рус тилларида янгиликлар ва долзарб воқеалар, жумладан, терроризм, АҚШ ҳарбийларини мақташ, шунингдек, COVID-19 пандемияси ҳақидаги хабарларни жойлаштиргани айтилади.

«Операция доирасида Эрон, Хитой ва Россияни, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб киришини танқид қилувчи постлар ҳам нашр этилган», дейилади ҳисоботда.

Meta маълумотларига кўра, биринчи навбатда Германияни нишонга олувчи Россия тармоғи ҳам бўлган. Шунингдек, бу тармоқ фаолияти Франция, Италия, Украина ва Буюк Британияга қарши қаратилган.

«Операция Европадаги қонуний ахборот ташкилотлари сифатида эҳтиёткорлик билан ўзини кўрсатувчи веб-сайтларнинг катта тармоғи атрофида олиб борилган. Сайтларда Украина танқид қилинган, Россия мақталган ва Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари тескари натижа бериши ҳақида даъво қилинган оригинал мақолалар жойлаштирилган. YouTube, Facebook, Instagram, Телеграм, Twitter, шунингдек, Change.org ва Avaaz, LiveJournal орқали ушбу мақолалар, мемлар ва видеолар тарғиб қилинган.

Meta компанияси хабарига кўра, Facebook ижтимоий тармоғида Қўшма Штатларга алоқадор 39 та аккаунт, 16 та саҳифа, 2 та гуруҳ, шунингдек, Instagram ижтимоий тармоғида 26 та аккаунт ўчириб ташланган.

Бундан ташқари, Facebook ижтимоий тармоғида Хитойга алоқадор 81 та аккаунт, 8 та саҳифа, 1 та гуруҳ, шунингдек, Instagram ижтимоий тармоғида 2 та аккаунт ўчириб ташланган.

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида Россияга алоқадор 1633 та аккаунт, 703 та саҳифа, 1 та гуруҳ, шунингдек, Instagram ижтимоий тармоғида 29 та аккаунт ўчириб ташланган.

Top