Ўзбекистон | 10:25 / 04.12.2022
37560
5 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда омикроннинг янги варианти доминант версияга айланди

Ўзбекистонда ковиднинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутацияси тарқалмоқда. Ковиднинг бу янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай кечмоқда?

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда омикрон штаммининг ВА.5 варианти доминант версияга айланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мамлакатда ноябр ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли даражада ортмоқда. Ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, COVID-19’нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти.

Хўш, Ўзбекистонда ҳозирги кунда омикроннинг қайси субварианти доминант версияга айланган?

Буни аниқлаш мақсадида 10–12 ноябр кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинди. Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди. Натижада 27 нафар бемор омикрон штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлди.

BA.5 субвариантининг аввалги мутациялардан фарқи нимада?

Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5–6 кун эмас, 2–3 кунни ташкил этяпти. Унинг асосий белгилари:

  • томоқ оғриғи;
  • тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши;
  • бош ва мушакларда кучли оғриқ;
  • ҳолсизлик;
  • уйқучанлик;
  • конюктивит (10 фоиз ҳолатда);
  • ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда);
  • отит (10 фоиз ҳолатда);
  • диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.

Шунингдек:

  • кучли ва хуружли йўтал;
  • баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ;
  • нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.

«Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30–40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда. Бундай беморларнинг аксарияти уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган юртдошларимиздир», – дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов.

Ковиднинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай белгилар билан намоён бўлмоқда?

Ўзбекистон ҳудудида ёз ойларида омикрон штаммининг BА.2 версияси етакчилик қилганди. Айни пайтга келиб эса беморларнинг қарийб барчасида BА.5 субварианти аниқланмоқда. 3 декабр куни 162 кишида вирус аниқланди. Бу Ўзбекистонда 21 февралдан буён энг юқори кунлик кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу янги мутация болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай клиник белгилар билан намоён бўлмоқда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу ҳақда маълумот берди.

«Ўн саккиз ёшгача бўлган аҳоли қатлами ҳамда ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими нисбатан суст бўлади. Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори», – дейди Зангиота 1-сонли юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова.

Хасталик белгилари

BА.5 субварианти аломатлари аввалги BА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечмоқда. Жумладан, болалар ва ҳомиладор аёлларда тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, қолаверса, 3–5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструксия (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти.

Шунингдек, муддатига етган, учинчи 3 ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддат) хасталик чоғида ҳомила сувининг сезиларли миқдорда камайиши ва лойқаланиши юзага келади. Бу эса ҳомиланинг димиқишига олиб келмоқда.

Бундай аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Шунингдек, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ безовта қиляпти.

Қолаверса, фон касалликлари бор беморлар, масалан, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.

Аммо ушбу муддатдаги ҳомиладорларда касаллик енгил кечиб, ўпка тўқимасининг зарарланиши деярли кузатилаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳомиласи 30 ҳафталикдан ошган аёлларга стационар шароитда даволаниш тавсия этилмоқда. Ҳомиладорликнинг биринчи ва иккинчи 3 ойлигидаги беморлар эса қатъий равишда ҳудудий оилавий поликлиникалар назоратида бўлиб, тегишли муолажаларни олишлари шарт экани келтирилган.

Мавзуга оид