Тошкентда об-ҳаво сабаб автобуслар оралиқ интервал вақтлари ортиши мумкин
Зарурат бўлмаганда шахсий автомобилларда, айниқса, қишга мўлжалланган шиналарга эга бўлмаган транспорт воситаларида ҳаракатланмаслик сўралди. Айрим автобусларнинг келиш вақти ҳам чўзилиши мумкин.
Тошкентда ноқулай об-ҳаво сабаб автобуслар оралиқ интервал вақтлари ортиши мумкин. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.
Ноқулай об-ҳаво шароитида автотранспорт воситалари ҳаракатланишида ноқулайликлар юзага келиши сабабли айрим автобус йўналишларидаги қатнов ва оралиқ интервал вақтларининг белгиланган вақтлардан ортиши ҳолатлари юзага келиши мумкинлиги қайд этилган.
«Об-ҳавонинг кескин ўзгаргани, қор ёғиши ва автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлгани сабабли барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш пайтида мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, зарурат бўлмаганда шахсий автомобилларида, айниқса, қишга мўлжалланган шиналарга эга бўлмаган транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни, тезлик талабларига қатъий амал қилишларини, пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини, катталардан йўлларда болаларнинг ҳаракатини назоратга олишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Тошкент шаҳрида 4 декабр куни қор ёға бошлаганди. 5 декабр куни ҳам қор ёғиши давом этмоқда, музламалар ҳосил бўлгани сабабли йўлларда ҳаракатланиш қийинлашган.
Тошкент шаҳрида аҳоли истеъмол қиладиган ва иситиш тизимида фойдаланиладиган табиий газ босими пасайиб кетгани туфайли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари вақтинчалик ёпилмоқда, бу ҳам йўлларда ҳаракатга таъсир кўрсатмоқда.