10:43 / 19.12.2022
7224

Киевда иссиқлик таъминоти тўлиқ тикланди

Киевда Россиянинг йирик ракета зарбаларидан сўнг иссиқлик таъминоти тизимининг ишлаши тўлиқ тикланди. 

Фото: Getty Images

«Иссиқлик таъминотининг барча манбалари меъёрида ишламоқда. Кун давомида коммунал хизматлар алоҳида уйларда ишлайди, у ерда иссиқлик билан боғлиқ маҳаллий муаммолар юзага келиши мумкин», — деди Киев мэри Виталий Кличко Telegram'даги хабарида. 

Шу билан бирга, "РБК Украина" хабарига кўра, электр таъминотидаги фавқулодда узилишлар туфайли пойтахтда сув таъминоти ва иссиқлик билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.

16 декабрь куни Россия Қуролли кучлари Украинанинг энергетика инфратузилмасига йирик ракета зарбаларини берди, шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида фавқулодда узилишлар бошланди.

Аввалроқ Киев мэри Виталий Кличко Киев метроси иши ва сув таъминоти тиклангани ҳақида маълум қилганди. 

«Бугун эрталаб соат 7:30 да Киев метроси ўз ишини тиклади. Пойтахтнинг барча аҳолисига сув таъминоти ҳам қайтарилди», — деб ёзди 17 декабрь куни у Telegram-каналидаги постларида. 

Россия қўшинлари бир кун аввал Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига йирик ракета ҳужуми уюштирди. 

Ҳаммаси бўлиб, Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, 98 та ракета учирилган, уларнинг аксарияти уриб туширилган.

Бундан олдин «Укрэнерго» энергетика тизимидаги фавқулодда вазият режимини бекор қилганди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top