Жаҳон | 18:40 / 21.12.2022
6402
2 дақиқада ўқилади

«Газ иттифоқи» ташаббуси ғоя даражасида қолмоқда - Қозоғистон ТИВ

Бу ғоя ҳозирча расмийлаштирилмаган, шунингдек, у бўйича ҳеч қандай тафсилот ёки таклиф берилмаган.

Фото: AP

Россия таклиф қилаётган «газ иттифоқи»ни ташкил этиш Қозоғистонга қандай шартлар қўйилишига боғлиқ. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров маълум қилди.

«Евросиё интеграцияси ҳукуматлараро ва давлатлараро келишувлар билан расмийлаштирилган ҳукуматлараро интеграциядир. Газ иттифоқини яратиш Россия томони таклифи бўлган ва ҳозирча у расмийлаштирилмаган, биз Россия томонидан бу қандай шаклда амалга оширилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай тафсилот ёки таклиф олганимиз йўқ. Ҳозирча бу газ савдосининг айрим жараёнларини бирлаштириш ғояси холос», — деди Алмас Айдаров.

Унинг сўзларига кўра, ҳаммаси Қозоғистонга таклиф қилинадиган шартларга боғлиқ бўлади.

«Ҳозирча газ масаласида алоҳида тузилма, ташкилот ёки давлатлараро иттифоқ тузишга ҳожат йўқ. Бу шунчаки газ таъминоти ва нархларни тартибга солиш бўйича ғоя эди. Барча мамлакатларда газ тақчиллиги бор, шунинг учун Россия томони шундай таклиф билан чиқди», — деб тушунтирди Айдаров.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги «газ иттифоқи» ҳақида биринчи марта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев айтган эди. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус Россия президенти Владимир Путин томонидан чиққан.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «газ иттифоқи» ҳақидаги саволга жавобан, гап «аллақандай алянс, иттифоқ ҳақида эмас, балки импорт шартномаси орқали газ олиш» ҳақида эканини айтди.

Мавзуга оид