18:09 / 22.12.2022
12009

Туркманистонда янги шаҳар собиқ президент шарафига номланди

Туркманистонда Аҳал вилоятининг янги маъмурий маркази шаҳар мақомини олди ва Arkadag деб номланди.

Фото: AP

Бу ҳақда Туркманистон ҳукумати мажлисида Миллий Генгеш парламенти раиси Гулшот Маммедова маълум қилди. Унинг аниқлик киритишича, қарор қабул қилишда барча вилоятлар аҳолисининг хоҳиш-истаклари, жамоат ташкилотларининг таклифлари инобатга олинган.

Arkadag (Орқатоғ, ҳомий) - Туркманистоннинг иккинчи президенти ва ҳозирги давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедовнинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг унвони ҳисобланади. Янги шаҳарга ном танлаш биринчи президент Сапармурод Ниёзов (унвони - Туркманбоши) вафот этган куни эълон қилинди.

Аввалроқ, Туркманистонда Сапармурод Ниёзов ва унинг онаси Гурбансултон эже шарафига номланган бир неча шаҳар ва қишлоқлар номи ўзгартирилган эди.

Аҳал - Туркманистоннинг бешта вилоятидан бири бўлиб, мамлакатнинг марказий ва жанубий қисмларини эгаллайди.

Тахминан 70 минг киши истиқомат қиладиган янги маъмурий марказ Ашхободдан 30 км жануби-ғарбда жойлашган 950 гектар майдонда қурилмоқда. Мега-лойиҳани амалга ошириш 2019 йилда бошланган.

Top