17:23 / 25.12.2022
65445

Фото: АҚШ ва Канадада мисли кўрилмаган қаҳратон

Американинг турли штатларида қор бўронлари туфайли миллионлаб кишилар электр энергиясисиз қолди, минглаб рейслар бекор қилинди. Ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.

Ню-Йорк штати, Ҳамбург шаҳридаги Hoaks ресторани қишки шторм вақтида. 2022 йил 24 декабр.
John Normile / Getty Images

Қаттиқ совуқ ва кучли ёғингарчилик олиб келган кучли қиш бўронлари 250 млн аҳолига эга Қўшма Штатларнинг аксар аҳолиси (учдан икки қисми) истиқомат қиладиган катта ҳудудларини қамраб олди.

NBC News хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли АҚШнинг турли штатларида 28 киши ҳалок бўлган. Жумладан, Оклаҳома, Кентукки, Миссури, Теннесси, Висконсин, Канзас, Небраска, Оҳайо, Ню-Йорк, Колорадо ва Мичиган штатларида ўлим ҳолатлари юз берган.

АҚШ ва Канадани қамраб олган «Эллиотт» бўрони 21 декабр куни бошланди. АҚШ Миллий метеорология хизматининг маълум қилишича, бундай экстремал ҳодисалар бир авлод ҳаётида бир бор юзага келади. Шторм Канада билан чегара яқинидаги Буюк кўллардан Мексика чегарасидаги Рио-Гранде дарёси бўйларига қадар тарқалган. Ҳарорат кескин тушиб кетиши, қор бўронлари, кучли шамоллар ва музлаш туфайли кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари рўй бермоқда. Бундан ташқари, электр узатиш тизими жиддий жабр кўрмоқда. 24 декабр куни АҚШда қарийб 8 минг авиарейс кечиктирилган, яна 3 мингдан ортиқ авиарейслар бекор қилинган.

Канаданинг Онтарио провинциясидаги Уэйнфлит манзараси. 2022 йил 24 декабр.
Carlos Osorio / Reuters / Scanpix / LETA
Буффало, Ню-Йорк штати, АҚШ. 2022 йил 24 декабр
Jalen Wright / EPA / Scanpix / LETA
Ню-Йорк штатидаги Эри кўли, АҚШ. 2022 йил 24 декабр.
Lindsey DeDario / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ шимоли-шарқидаги бир қатор штатларда 200 мингга яқин киши электр таъминотидан узилган, PowerOutage.us сервиси маълумотига кўра, шундан 100 минг киши — Мэн штатида. Пик вақтда 1,6 миллион истеъмолчи токсиз қолган.

Ню-Йорк ва АҚШнинг шимолий-шарқида яшовчи аҳолига хизмат кўрсатувчи иккита коммунал компания мижозларни навбатдаги ўчиришлар юзага келмаслиги учун электр энергиясини тежашга чақирган. Техасда ҳарорат кескин пасайиши туфайли рекорд даражадаги талаб фонида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун АҚШ энергетика вазирлиги фавқулодда вазият эълон қилган.

Айрим регионларда қор бўронлари туфайли кўрувчанлик даражаси нолга тушган
Фото: Katie McTiernan/Anadolu Agency via Getty Images
Линн округи, Айова штати, АҚШ. 2022 йил 23 декабр
Уэлс, Мэн штати, АҚШ. Полициячи автомобили қишки пўртана вақтида бузилиб қолган аёлни қутқармоқда. 2022 йил 23 декабр.
Debra Cuddahy / AP / Scanpix / LETA
Луисвилл, Кентукки штати, АҚШ. Ижтимоий хизматлар ходими уйсиз кишилар лагерида яшовчи одамлар учун зарур нарсаларни тарқатмоқда. 2022 йил 23 декабр. Фото: Jon Cherry / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

Қиш бўронлари туфайли АҚШда газ қазиб олиш камайган. 23 декабр куни қазиб олиш ҳажми бир кун олдингига нисбатан 10 фоизга кам бўлган — газ ташиш трубалари музлаб қолган. Bloomberg хабарига кўра, бу АҚШда газ қазиб олиш бўйича бир кун ичидаги энг йирик пасайишдир.

АҚШ Миллий метеорология хизмати прогнозига кўра, 25 декабр куни ҳам қишки шторм давом этади, аммо унинг кучи бироз пасайиши кутилмоқда.

Канаданинг ҳам катта ҳудуди қишки шторм ҳукми остида қолган.

Онтарио ва Квебекда кучли музлашлар юз минглаб кишилар истиқомат қилувчи уйларда электр ўчишига олиб келган.

Канаданинг катта ҳудуди - Британия Колумбиясидан Ньюфаундлендгача - кучли совуқ шароитида қолган. Аҳоли об-ҳаво янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда.

CBS репортёри Дэн Берритт Ванкувердаги вазиятни шундай тасвирлайди:

«Бизда қор ёғмоқда, бизда музли ёмғир ёғмоқда, бутун ҳудуд бўйлаб дўл ёғмоқда. Аҳоли ҳаракатланишга жуда қийналмоқда, кўплаб автобус йўналишлари хизмат кўрсатмаяпти, кўприклар ёпилган, метро энди жуда секин ишламоқда», деган мухбир ва кўплаб автомобил эгалари ҳали қишки шиналар ўрнатмаганини қўшимча қилган.

Top