12:14 / 02.01.2023
27710

“Профессион де фуа” – ярим асрдан бери экранлардан тушмаётган Иван Васильевич

Ҳар йили, айниқса янги йил байрами кунларида бу комедия телеканалларда қайта-қайта намойиш этилади ва такрор-такрор кўрилаверади. Ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат аллақачон ёд бўлиб кетгани ҳам бизни телевизор қаршисига муҳрлайверади. Яна бир муҳим жиҳат – “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмининг ўзбекчаси русчасидан ҳам яхшироқ чиққан. Бу шунчаки гап эмас, ҳар икки тилни мукаммал биладиган инсонлар эътирофи.

Гайдайда туғилган ғоя ва суратга олиш майдонлари

Кўпчилик билмас, лекин бу фантастик асар “Итюрак”, “Уста ва Маргарита” каби бестселлерлар муаллифи Михаил Булгаков қаламига мансуб. Асар билан танишган режиссер Леонид Гайдай уни янада замонавийлаштиради ва ўзининг асосий йўналиши – комедия жанрида суратга олади.

Фильм бўйича ишлар 1972 йилнинг майида бошланган. Айрим саҳналар Ялтада олинади, улар Шурикнинг хотини Зинанинг денгиз бўйида қўшиқ айтиши ва режиссер Карп Савельичнинг ҳасса ўйнатиб ўтириши эди.

Кейинчалик тасвирга олиш ишлари жуда кўп жойларда давом этади. Энг муҳимлари, Шурикнинг уйи, зина майдончалари, лифт каби кўп фойдаланилган манзаралар “Мосфильм”даги декорациялар эди. Энг мураккаб бўлган тарихий саҳналар эса Ростов кремлида суратга олинади.

Актёрлар

Бу фильмда совет киносаноатининг ҳақиқий усталари суратга тушишган, ёки “Иван Васильевич...” бу актёрларни янги даражага олиб чиққан эди.

  • Юрий Яковлев – Иван Васильевич Бунша/шоҳ Иван Васильевич Грозный;
  • Леонид Куравлёв –Жорж Милославский, ўғри;
  • Александр Демьяненко – ихтирочи-муҳандис Шурик (Александр Сергеевич Тимофеев);
  • Савелий Крамаров – Феофан, шоҳ хизматчиси;
  • Наталья Селезнёва – киноактриса Зинаида Михайловна Тимофеева, Шурикнинг хотини;
  • Наталья Белогорцева-Крачковская – Ульяна Андреевна, Буншанинг хотини;
  • Наталья Кустинская – Якиннинг яна бир жазмани;
  • Владимир Этуш – стоматолог Антон Семёнович Шпак;
  • Михаил Пуговкин – кинорежиссёр Карп Савельевич Якин;
  • Сергей Филиппов – швед элчиси.

Аммо бу актёрлар танлаб олингунча жуда кўпчилик бошқалари синовдан ўтишган эди. Гайдайнинг ўзи шоҳ образига Юрий Никулинни мўлжаллаганди. Аммо Никулин Булгаков асари асосидаги бу фильмнинг экранга чиқишига ишонмагани учунми, циркдаги ишидан рухсат бермаганлари туфайлими, рад жавобини беради.

Бундан ташқари ҳам шоҳ образига яна 8 киши синовдан ўтказилади. Улар орасида жуда машҳур актёрлар ҳам бор эди:

Евгений Евстигнеев, Георгий Вицин, Евгений Лебедев, Владимир Этуш, Георгий Бурков, Георгий Юматов, Сергей Никоненко, Анатолий Кузнецов.

Милославский ролини эса режа бўйича Андрей Миронов ўйнаши керак эди. Аммо актёр Юрий Яковлев билан иккисининг дуэти кўнгилдагидек чиқмагани учун Гайдай Леонид Куравлёвда тўхталади ва адашмайди.

Вақт машинаси

Фильмдаги вақт машинасини карикатурачи рассом Вячеслав Почечуев ясаган. Унгача алоҳида бюрода ясалган “Вақт машинаси” электрон ҳисоблаш машинасини эслатгани учун ишончсиз кўринади ва ундан воз кечилади. Почечуев конструктор, слесарь ва шишасоз дўстлари билан бир неча кун ичида фильмдаги қурилмани ясаб беради.

Қизиғи, Вячеслав Почечуев бу ихтироси учун 40 сўм мукофот олган ва ведомостда “Вақт машинаси ихтиро қилгани учун” деб ёзилган.

Аёвсиз цензура

Биз мириқиб куладиган комедиянинг жуда қизиқарли лаҳзалари кесиб ташланган ёки сценарийда ўзгартирилган. Мисол учун:

  • “Шоҳ” Грозний ўғри Милославскийдан сўрайди: “Шошма, бу зиёфатнинг пулини ким тўлайди?”. Милославский жавоб беради “Ҳарқалай биз эмас”. Аслида асарга кўра шундай жавоб берилиши керак эди: “Халқ шоҳим, халқ!”
  • Милославский швед элчисига совға қилган ручкада кийимсиз аёлнинг сурати бўлган, аммо бу экранларга чиқмаган;
  • Шоҳ элчига “Гитлер капут” дейиш ўрнига сценарий бўйича “Мир, дружба” дейиши керак бўлган. Аммо айёр Гайдай бу саҳнани амаллаб ўтказган. Булгаков асари бўйича эса бу жойда “Мен чет тилида фақат революцион сўзларни биламан” дейиши, Милославсий эса бунга жавобан эса “Ҳеч бўлмаса революцияга оид бир нарса де!” деганда шоҳ ғудраниб қўйиши керак бўлган;
  • Санъаткорлардан норози бўлган шоҳ “Эртагаёқ барча ижодкорларни тўпланглар, улар билан ўзим шуғулланаман!” дея қичқириши керак бўлган. Аммо цензура таъсирида у сўзлар ҳам юмшатилади;
  • Милиция ходимлари шоҳдан қаерда яшашини сўрашганида у “Кошона” деб жавоб беради. Асарга кўра у “Москва, Кремль” дейиши керак бўлган.

“Ахир одамга ўхшаб сўзласанг тушунаман-да” – фильм ўзбек тилида

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” иттифоқ республикаларининг барча тиллари ва қатор хорижий давлатлар тилида дубляж қилинган. Инглизча вариантда бу фильм “Иван Васильевич: келажакка қайтиб” номида америкалик томошабинларга тақдим этилган.

Аммо юқорида таъкидланганидек, бирортаси ўзбек тилидагисига ета олмайди. Ўзбек тилига Мирзиёд Мирзоидов томонидан таржима қилинган киноасар ҳақида ёзувчи ва таржимон Жалолиддин Сафоев шундай ёзади:

“Бадиий фильм воқеаларида ўтмиш ва замон қаҳрамонлар ҳаётида уйғунлашган. Таржимон ўзбек тилининг ўзига хос жозибасини бутун бўйи-басти билан кўрсатишни уддалаган.

Баъзи бир мисолларга мурожаат қилсак:

  • Шоҳ Иван Васильевич режиссёр Якин билан мулоқотда шундай дейди: “Как же тебя понять, коль ты ничего не говориш?”. Бир қарашда “Сени қандай тушунса бўлади, ахир ҳеч нарса демаяпсан-ку”, дегандек гап бу. Аммо таржимасини қаранг: “Ахир одамга ўхшаб сўзласанг тушунаман-да”. Нақадар ўзбекона ва ўша вазиятга узукка кўз қўйгандек тушган ибора;
  • Балконда эри Буншани (аслида шоҳ Иван Васильевични) кўриб қолган қўшни хотин гапини “Здрасьте, пожалуйста”, деб бошлайди. Энди бу гапнинг таржимасини эшитинг: “Вой нусхангдан огур-эй”;
  • Шурикнинг танноз актёр хотини подшога: “Вы очень темпераментный” деб эркаланади. Таржимаси эса қаҳрамон характери ва ҳаёт тарзига мос ҳолда: “Сиз анчайин шўх одамга ўхшайсиз” деб ўгирилган;
  • Энди ҳар ким ўз тилида ва жамиятда тутган мақомига мос тарзда гапириши лозим деган талабга ҳам бир мисол кўрсак. Қўшни хотин шоҳ Иван Васильевични эри Бунша деб ўйлаб зуғум қилиб турган жойида подшо: “Оставь меня старушка я в печали” дейди. Ўзбекчаси: “Мени ўз ҳолимга қўй кампир, ҳозир ўзимнинг дилим сиёҳ” сифатида ўгирилган. “Печаль”, “Печально” сўзларининг луғатлардаги биринчи маънолари сифатида қайғу, ҳасрат, ғам-ғусса, андуҳ, маъюс, хафа сўзлари берилган. Хўш, таржимон нега “дилим сиёҳ” сўзини танлаган? Эҳтимол таржимон энг аввало, хўш, бу гапни ким айтмоқда, деган саволни ўз-ўзига берган бўлиши мумкин. Чунки, барчага ҳукми ўтадиган ҳукмдор қайғуга ботиб, ҳасрат чекиб ўтирмайди-да. Унинг фақат дили сиёҳ бўлиши мумкин;
  • Тиш доктори Шпакнинг мол-дунёга бой хонадонига кирган ўғри Милославский: “Это я удачно зашел”, дейди. Хўш айни ҳолатда ўғри ўзбек бўлганда нима дерди? Ва фильм таржимони: “Жуда жойига тушибман-у а?!”, деган халқона гапимиз билан ўғрини “ўзбек”ка айлантиради;
  • Лифтда “зиндонбанд” этилган шоҳ нажот излаб чўқинади ва шу пайт лифт эшиклари очилади: “Вот что крест животворящий делает!”. Келинг, энди ушбу матнни сўзма-сўз таржима қилайлик: “Мана тирилтирувчи хоч нималар қилмайди!”. Энди таржимоннинг маҳоратига диққат қилинг: “Иймон ишончнинг хосияти шу эрур!”.

Эришилган натижалар

Фильм бир йил ичида суратга олинади ва 1973 йилдан экранларга чиқарилади. Шундан бери бирор йил йўқки, у такрор-такрор намойиш этилмаган бўлса;

1973 йилнинг ўзидаёқ “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмини 60 миллиондан ортиқ томошабин кўрган ва кинопрокат етакчиси бўлган;

Иттифоқнинг илк рекламаси ҳам айнан шу фильмдан жой олган. Ўғри Милославский пулларни ушлаб “Сбербанк”ни реклама қилган;

Бу киноасар ҳақида 8 та ҳужжатли фильм ишланган.

Аброр Зоҳидов

Top