08:36 / 04.01.2023
4151

NASA астронавти Каннингем 90 ёшида вафот этди

1968 йилда «Аполлон 7»да парвоз қилган Уолтер Каннингем 91 ёшида Хюстонда вафот этди.

Уолтер Каннингем / Фото: Getty Images

1968 йилда «Аполлон» сериясининг биринчи бошқариладиган космик кемаси - «Аполлон 7»да парвоз қилган ва Ернинг паст орбитасида 11 кун бўлган америкалик астронавт Уолтер Каннингем 91 ёшида Техаснинг Хюстон шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда 3 январь, сешанба куни АҚШ Миллий аэронавтика ва космик тадқиқотлар бошқармаси (NASA) маълум қилди.

«Уолтер Каннингем қирувчи учувчи, физик, тадбиркор эди - лекин энг муҳими, у тадқиқотчи эди», деди NASA директори Билл Нелсон. Унинг сўзларига кўра, Каннингем миссияси Американинг Artemis ("Артемида") ойни тадқиқ қилиш дастурини ишлаб чиқишга ҳисса қўшган.

«NASA унинг мамлакатимиз космик дастурига қўшган ҳиссасини доим ёдда тутади ва Каннингем оиласига ҳамдардлик билдиради», — дейилади бошқарма хабарида.

«Дунё яна бир ҳақиқий қаҳрамонини йўқотди, биз уни жуда соғинамиз», - деди астронавтнинг яқинлари ўз навбатида.

Каннингем 1932 йил 16 мартда Айова штатининг Крестон шаҳрида туғилган. У 1951 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига хизматга кирган, 1963 йилда эса астронавт бўлиш учун танланган.

NASA маълумотларига кўра, "Аполлон 7" экипажига тайинланишидан олдин Уолтер Каннингем "Аполлон 2"нинг бош экипаж аъзоси ва "Аполлон 1" миссиясида муқобил Ой модули учувчиси бўлган.

1968 йил 11 октябрдан 22 октябргача у "Аполлон 7"да парвоз қилди. У астронавтлар Уолтер кичик Шира ва Дон Айзли билан биргаликда "Сатурн-1Б" ракета ташувчисининг учинчи босқичидан фойдаланиб, Ой орбитасига туташиш ва чиқиш учун зарур бўлган манёврларни машқ қилган.

Экипаж саккизта синовдан муваффақиятли ўтди, хизмат модули двигателини ишга туширди, барча космик кема тизимларининг аниқлигини ўлчади ва бортдаги экипаж ҳаракатларининг биринчи жонли телекўрсатувини тақдим этди, дея хабар берди АҚШ космик агентлиги.

Каннингем 1971 йилда NASA'дан нафақага чиқди ва турли техник ва молиявий ташкилотларга раҳбарлик қилди. Шундай қилиб, у Century Development Corp., Hydrotech Development Company ва 3D International компанияларида юқори лавозимларда ишлаган. Астронавтлар шон-шараф залига киритилган.

Top