Ўзбекистон | 07:40 / 14.01.2023
19841
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова вафот этди

Энахон Сиддиқова

Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова 68 ёшида вафот этди.

Энахон Сиддиқова 1954 йил 28 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган. Фарғона давлат институтининг филология факультетида (1972–1976) таҳсил олган. 

Олтиариқ ва Фарғона туманлари мактабларида ўқитувчи, мактаб директори вазифаларида хизмат қилган (1976–1996). Ўзбекистон ХДП Фарғона тумани иккинчи котиби (1996), «Фарғона ҳақиқати»-«Ферганская правда» газетаси мухбири (1990–1997), Фарғона вилояти ҳокимлиги ходими (1997–2001) лавозимларида ишлади. 

Шоира шу кунга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, «Қалб садоси» ҳафталик газетасининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилиб келаётган, 2015 йилдан шу кунга қадар Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.

Энахон Сиддиқова атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг «Оқ йўли» (1977) билан адабиётга кириб келди. Шундан сўнг унинг «Қоракўз турналар», «Суманбар насим», «Кўнгил уфқлари», «Ишқ ифори», «Сизни дедим» каби шеърий тўпламлари, «Сирли тун фарёди», «Она ҳақида қўшиқ», «Ватанга бахшида умр» каби ҳикоялар ва лиро-эпик қиссалар мажмуаси, «Қизойимларга келинлик сабоқлари», «Тиббиёт фидойилари», «Халоскорлик», «Эъзозли аёллар» каби публицистик асарлари чоп этилган.

Адабиётшунослар шоиранинг шеърларига баҳо берар экан, у ўз асарларида инсон деб аталган сеҳрли-мўъжизакор хилқатнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини алқайди, ҳимоя қилади, олқишлайди, инсонга ишонч руҳи, самимият унинг ижодида бадииятнинг муҳим унсурлари сифатида бўй кўрсатади, деб таърифлайди.

Энахон Сиддиқова «Энг улуғ, энг азиз» танловининг республика босқичи ғолиби бўлган.

Адабиёт ривожи йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, унга 2004 йили «Дўстлик», 2009 йили «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, 2016 йили эса «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони берилган. 2018 йили Фарғона давлат университетининг фахрий профессори унвонига муносиб кўрилган эди.

Мавзуга оид