13:22 / 21.01.2023
11764

“2400 нафардан зиёд ходим энергоресурслар тақчиллигига оид муаммоларни ўрганишга жалб этилган” – ИИВ

Ички ишлар вазирлиги президент топшириғига биноан Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида энерготаъминотда кузатилаётган узилишларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни энергия ресурслари таъминоти бўйича ўтказилган йиғилишда ҳокимлар, сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олишлари кераклиги ҳақида кўрсатма берган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан, ИИВ зиммасига қатор вазифаларни юклаганди.

Элект энергияси таъминоти

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод ва Бектемир туманларида мавжуд имкониятларни ишга солиб, барча ресурсларни адолатли тақсимлаш, муаммоли маҳаллаларда фуқароларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш мақсадида, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖларда “Тезкор штаб” ва “Ишчи гуруҳ”лар фаолияти йўлга қўйилиб, улар таркибида коммунал хизмат мутасаддиларидан ташқари, барча сектор раҳбарлари жалб этилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

“Аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ва уни тезкорлик билан ижрога қаратиш бўйича жами 46 нафар ишчилардан иборат 24 соат фаолият юритувчи “Call centеr”лар ташкил этилди. Вазирлик тасарруфига бириктирилган туманларда жами 92 та таъмирлаш гуруҳлари ташкил этилиб (кундузига 56 та, тунда 36 та), 801 нафар ходим мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, мазкур туманларда юзага келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларни ўрганиш ва фуқаролар орасида тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида жами 2400 дан ошиқ ички ишлар органлари ходимлари жалб этилди”, дейилади ИИВ ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган ахборотда.

Ўрганишлар жараёнида Тошкент шаҳрида аҳоли истеъмоли учун, ўртача меъёр бир кунда 31,640 минг кВт соат режалаштирилган бўлса-да, амалда 32,411 минг кВт соат, яъни режалаштирилганидан 2,4 фоиз кўп энергия истеъмол қилинаётгани аниқланган. Бешта туман кесимида 14,954 минг кВт ўрнига амалда 15,354 минг кВт соат, яъни 2,6 фоиз кўп энергия ишлатилаётгани айтилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Энергоресурслар муаммо бўлиб турган бешта туманда аниқланган ҳолатларга ечим топиш, аҳоли истеъмоли учун электр таъминотининг бир меъёрда етказиб берилиши ҳамда аварияларни кечиктирмаган ҳолатда бартараф этиш мақсадида туман электртармоқлари учун қўшимча равишда 13 та АП-17 автокўтаргич, 3 та автокран, 13 та экскаватор, 6 та энергия таҳлили лабораторияси, 31 та махсус транспорт воситалари кунлик хизматга жалб қилинган. Тезкорликни ошириш учун ички ишлар органларининг 92 та махсус маёқчали патруль автомобиллари қўшимча бириктирилган.

Табиий газ таъминоти

Аҳолини табиий газ билан таъминлашда ҳам бир қатор муаммолар аниқланган бўлиб, жумладан пойтахт ҳудудига бир кунда 17,915 млн куб табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса-да, амалда аҳоли томонидан 18,285 млн куб, яъни режага нисбатан 2,05 баравар кўп сарфланган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Пойтахтнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод ва Бектемир туманлари кесимида эса 9,437 млн куб ажратилган бўлиб, аҳоли томонидан амалда 9,489 млн куб ёки 1,7 фоиз кўп газ истеъмол қилинаётгани аниқланган.

Мазкур муаммоларга ечим топиш ҳамда аҳолига табиий газнинг меъёрида етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, ҳудудларидаги жами 431 та улгуржи истеъмолчилардан 413 тасида аҳоли хонадонлари фойдасига газ бериш чекланган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Мавжуд муаммолар ва келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан риоя этиш мақсадида туманларнинг “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан 65 нафар мутахассислардан иборат жами 13 та бригадалар ташкил этилган. Шунингдек, 8 дона АП-17 автокўтаргич, 4 та экскаватор, 84 та Damas махсус транспорт воситалари кундалик равишда хизматга жалб қилинган.

Бундан ташқари, туманларда мавжуд 563 та ижтимоий объектга барча соҳа вакилларидан масъуллар бириктирилиб, тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда.

Муҳтожларни иссиқ овқат билан таъминлаш

Президент селекторида ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш қатъий тайинланганди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ана шу вазифани ижро этиш мақсадида кўча ва жамоат жойларида хизмат қилаётган ишчи-хизматчилар, кам таъминланган фуқаролар ва эҳтиёжманд оилаларга хизмат кўрсатиш учун жами 10 та дала чодирлари (иситиш пункти ва ҳарбий дала ошхонаси) ўрнатилиб, иссиқ чой ва таомлар тайёрланиб тарқатилиши йўлга қўйилган. Улар томонидан кундалик ўртача 450-500 нафар фуқароларга иссиқ овқат етказиб берилмоқда.

Тошкент шаҳрида мавжуд олий таълим муассасалари тасарруфида бўлган жами 107 та талабалар турар жойларидан 33 таси захирага олинди. Мазкур ётоқхоналарда 12,863 та ётоқ ўрни яратилди. Ҳозирги кунда 2 та ётоқхонада 35 нафар фуқаролар жойлаштирилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Доимий яшаш манзиллари бўлмаган 34 нафар (23 нафар эркак, 11 нафар аёл) шахсларни кўчаларда совуқда қолиб кетишларининг олдини олиш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ қошида ташкил этилган “Меҳр-саховат” уйига жойлаштирилган.

Уларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, уч маҳал иссиқ овқат ва ётоқ жойлари билан таъминланди.

Ҳудудларни ободонлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кундалик туманларнинг ободонлаштириш бошқармаси ва махсус бошқармалар томонидан кундалик 630 нафар, Ички ишлар органларининг 700 нафар, Миллий гвардиядан 80 нафар, Божхона қўмитасидан 10 нафар, Мудофаа вазирлигидан 30 нафар ходимлар ҳамда 115 та махсус техникалар йўллар, маҳаллалар, кўп қаватли уйларнинг олди ва атрофларида қор-музларни тозалаш, юзага келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларни ўрганиш ишларига жалб этилмоқда.

Top