21:38 / 25.01.2023
29617

Сурхондарё вилоятида яна тўрт туман ҳокими ўзгарди. Кун давомида 10 та тайинлов амалга оширилди

Ички ишлар ходими Узун туманига, собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходими Денов туманига, солиқчи-киночи Олтинсой туманига, физик-ҳуқуқшунос Бойсун туманига раҳбар бўлди.

Халқ депутатлари Узун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳром Бобохонович Турсунов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Ҳабибулла Бозоров тасдиқланди.

Ҳабибулла Бозоров

Ҳабибулла Шерданақулович Бозоров 1980 йил 3 апрелда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.

Х.Бозоров 2003-2022 йилларда Ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Туманнинг собиқ ҳокими Баҳром Турсунов ҳам ички ишлар органидан чиққанди. Муқаддам Музработ тумани ИИБ бошлиғи бўлган Турсунов 2019 йил сентябрида Узун тумани ҳокими этиб тасдиқланганди.

Халқ депутатлари Денов тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Абдумалик Абдуқодирович Алламурадов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Илҳом Аброров тасдиқланди.

Илҳом Аброров

Илҳом Иброҳимович Аброров 1971 йил 3 июлда Денов туманида туғилган. 1995 йил Тожикистон давлат университети, 2008 йил Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби, давлат ва жамият қурилиши.

И.Аброров 1997-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган.

2020 йилдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (собиқ) бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Туманнинг олдинги раҳбари Абдумалик Алламурадов бугун Сурхондарё вилоятида ишдан олинган туман ҳокимлари орасида энг қисқа муддат ҳокимлик қилгани бўлди – у 2022 йил январида Денов тумани раҳбарлигига тайинланганди.

Бугун Халқ депутатлари Олтинсой тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Алишер Тўрабович Жумаев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Баҳром Маҳматрайимов тасдиқланди.

Баҳром Маҳматрайимов

Баҳром Омонович Маҳматрайимов 1974 йил 7 июнда Денов туманида туғилган. 2000 йил Термиз давлат университети, 2006 йил Банк-молия академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги автотранспорт корхоналари менежери, солиқлар ва солиққа тортиш.

У 1996-2021 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2021 йилдан буён Кинематография агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Олтинсой тумани собиқ ҳокими Алишер Жумаев 2019 йил июнида шу лавозимда иш бошлаганди.

Халқ депутатлари Бойсун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Асқарали Чориевич Жўраев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Баҳодир Шукуров тасдиқланди.

Баҳодир Шукуров

Баҳодир Шотураевич Шукуров 1973 йил 1 январда Бойсун туманида туғилган. 1995 йил Тошкент давлат университети, 2004 йил Тошкент давлат юридик институти, 2006 йил Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги физик, ҳуқуқшунос.

Б.Шукуров 1994-2022 йилларда Экология давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенатида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Вазирлар Маҳкамасининг Экологик назорат бўлими мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Бойсун тумани собиқ ҳокими Асқарали Жўраев бу лавозимга 2019 йил сентябрида тайинланганди.

Шу тариқа, 2022 йил охирида янги ҳоким иш бошлаган Сурхондарё вилоятида (Улуғбек Қосимов) бугун туман ҳокимлари ёппасига ўзгартирилди – жами 10 та туманда янги ҳокимлар иш бошлади. Уларнинг деярли барчаси собиқ ҳоким Тўра Боболов (2019-2022) даврида лавозимга тайинланганди.

Ўнта тайинлов:

  • Ангор тумани: 2020 йил июлидан буён ишлаб келган Шоҳжаҳон Абдуллаев ўрнини Қосим Мардонов эгаллади;
  • Термиз тумани: 2017 йилдан буён ишлаб келган Шуҳратжон Ўринов ўрнини (у рўйхатда Боболовдан олдин ҳокимликка тайинланган ягона раҳбар) Шуҳрат Назаров эгаллади;
  • Музработ тумани: бу лавозим 2022 йил сентябридан буён вакант эди, ўшанда ишдан олинган Эркин Алимовнинг ўринбосари Абдурашид Исмоилов ҳоким вазифасини бажариб турганди, бугун у лавозимга расман тасдиқланди;
  • Жарқўрғон тумани: 2020 йил декабридан буён ишлаб келган Баҳодир Ўроқов ўрнини Элмурод Авазов эгаллади;
  • Шўрчи тумани: 2019 йил сентябридан буён ишлаб келган Бахтиёр Худойберганов ўрнига Улуғбек Зокиров тайинланди;
  • Сариосиё тумани: 2021 йил майидан буён ишлаб келган Абдисалом Хўжақулов ўрнини Абдуқодир Донаев эгаллади;
  • Узун тумани: 2019 йил сентябридан буён ишлаб келган Баҳром Турсунов ўрнини Ҳабибулла Бозоров эгаллади;
  • Денов тумани: 2022 йил январидан буён ишлаб келган Абдумалик Алламуродов ўрнини Илҳом Аброров эгаллади;
  • Олтинсой тумани: 2019 йил июнидан буён ишлаб келган Алишер Жумаев ўрнини Баҳром Маҳматрайимов эгаллади;
  • Бойсун тумани: 2019 йил сентябридан буён ишлаб келган Асқарали Жўраев ўрнини Баҳодир Шукуров эгаллади.

Ҳозирча вилоятда Шеробод, Қизириқ, Бандихон ва Қумқўрғон туманлари, шунингдек, Термиз шаҳри ҳокими ўзгаришсиз қолди. 

Top