22:37 / 11.02.2023
14368

Амстердамда бепул маҳсулотларга эга супермаркет очилди 

Муҳтожлар ундан исталган маҳсулотни олиши мумкин. 

Фото: parool.nl

Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳрида муҳтожлар учун бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган Fris супермаркети очилди. 

Озиқ-овқат ва бошқа товарларни бепул олиш учун фақат битта шартни бажариш талаб этилади - «ҳаёт мураббийи» (life coach) суҳбатидан ўтиш. Бу ҳақда маҳаллий Het Parool нашри ёзди. 

Супермаркетда озиқ-овқат (макарондан тортиб барра сабзавотларгача), маиший кимё ва гигиена воситалари мавжуд. Бундан ташқари, мижозлар мураббийлардан иш қидириш, имтиёзлар ва бошқа масалаларда ёрдам олиши ҳам мумкин. 

Қайд этилишича, товарларни олиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш ёки бирор ҳужжат тақдим этиш шарт эмас. 

«Бизга пули йўқлигини исботлаш керак эмас, биз ҳар куни синфларимизда қашшоқликни кўряпмиз... Ҳамма нарса ишончга асосланади», деди супермаркетни молиялаштирадиган Studiezalen лойиҳаси асосчиси Абдулҳамид Идрисий. 

Studiezalen лойиҳаси 2010 йилда пайдо бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига таълим олишда ёрдам беришни бошлаган. 

«Ҳар кимнинг ўз муаммоси, ташвиши бор. Агар бола нонуштасиз мактабга боришини аниқласак, биз уни нонушта билан таъминлаймиз. Биз болаларни мактабдан уйга ҳожатхона қоғози олиб кетаётганини кўрамиз, шунинг учун уларни ҳожатхона қоғози билан таъминлаймиз. Баъзи одамлар, масалан, иш берувчи суҳбатига бораётганида озода бўлишни хоҳлайди. Биз уларга тиш чўткаси, шампун ва соч учун гел берамиз», деди Идрисий. 

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа аллақачон 80 га яқин оилани қўллаб-қувватламоқда, улар орасида гиёҳвандликка чалинган ва безорилик қурбони бўлганлар ҳам бор. 

«Биз ҳар куни стресс даражасини камайтирмоқчимиз. Биз одамларга тинч ухлашда ёрдам берамиз ва бу фақат бошланиши. Одамлар омон қолиш учун курашиши эмас, яшаши керак», деди Идрисий. 

Ташкилот ҳозирда Fris супермаркетини молиявий қўллаб-қувватлаяпти. Шунингдек, Vomar, Bakkerij Metalsa, TommyTomato каби маҳаллий корхоналар, Kaddour гўшт дўконидан ёрдам олмоқда. 

Top