09:58 / 22.02.2023
11774

ССВда тайинловлар амалга оширилди

Вазирлик ҳузуридаги дори воситалари экспертизаси бўйича корхонанинг янги раҳбарига тизимда коррупцияга барҳам бериш вазифаси юклатилган.

Мирзоҳиджон Мухторович Қодиров Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази» давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

Мирзоҳиджон Қодиров / ССВ матбуот хизмати

М. Қодиров 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, иш фаолиятини мазкур олий ўқув юртида кафедра ассистенти сифатида бошлаган.

Кейинчалик Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Фармакопея қўмитасида етакчи мутахассис, қўмита раиси ўринбосари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази» ДУК директори каби масъул лавозимларда ишлаган.

«М. Қодировга тизимда коррупцияга барҳам бериш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, Ўзбекистонга сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар кириб келишини таъминлаш, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Санжар Тўрақулович Набиев вазирлик муассислигидаги IT-Med масъулияти чекланган жамияти директори этиб тайинланди. 

Санжар Набиев / ССВ матбуот хизмати

С.Набиев 2016 йилда Буюк Британиядаги Лондон шаҳар университети (City University of London)нинг бакалавриат, 2018 йилда эса Испаниядаги Les Roches Marbella меҳмонхона бошқаруви халқаро мактабининг магистратура босқичини ахборот технологиялари ҳамда менежмент йўналишлари бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳридаги Academ Food масъулияти чекланган жамиятида менежер вазифасида бошлаб, кейинчалик Лондондаги NanoProtech Ltd компанияси, Тошкентдаги GPM Realty, Blue Bell Global Venture ҳамда Blue Bell Global Venture хусусий корхоналарида масъул лавозимларда ишлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Фаррух Абдуқаҳҳорович Ғаффоров вазирликнинг Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фаррух Ғаффоров / ССВ матбуот хизмати

1979 йилда туғилган Ф.Ғаффоров хорижий тиллар, шунингдек, молия ва инвестицияларни бошқариш бўйича мутахассисликка эга.

У ўз фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги  бир қатор  туманларнинг Ғазначилик бўлинмалари, «Асакабанк» ва Халқ банки каби етакчи молия муассасалари, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигида турли масъул лавозимларда иш олиб борган.

Top