Жаҳон | 16:05 / 24.02.2023
11099
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Хитой ва Россия дронлар ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ўтказяпти

Der Spiegel нашрининг ёзишича, Хитойнинг Bingo компанияси Россия учун дронларни оммавий ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фото: ТАСС

Der Spiegel нашрининг ёзишича, Хитойнинг Bingo компанияси Россия учун дронларни оммавий ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Россия ҳарбийлари ва Хитойнинг учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчиси Xi'an Bingo Intelligent Aviation Technology компанияси Россия Федерацияси учун дронларни оммавий ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 23 февраль, пайшанба куни ҳафталик Der Spiegel нашри хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, компания ZT-180 дронининг 100 та прототипини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш ҳамда уларни 2023 йил апрелигача Россия Мудофаа вазирлигига тақдим этишга рози бўлган. Ҳарбий экспертларнинг фикрига кўра, бундай учувчисиз учиш аппарати оғирлиги 35 кгдан 50 кггача бўлган жанговар каллакни олиб юришга қодир. Мутахассисларнинг фикрича, дрон дизайни Эроннинг Shahed-136 камикадзе дронига ўхшаб кетиши мумкин. 

Россия армияси Украинадаги ҳужумларда ҳамда турар жой бинолари, электр станциялари ва иссиқлик станцияларига ҳужум қилишда юзлаб шундай дронлардан фойдаланган. 

Der Spiegel маълумотларига кўра, Bingo Россияга компонентлар ва технологиялар етказиб беришни режалаштирмоқда, шунда у ерда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Гап ойига 100 га яқин дрон ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қувват ҳақида кетаётган бўлиши мумкин, деб ёзади газета. 

24 февраль куни ХХР Ташқи ишлар вазирлиги, муаллифларининг фикрича, Россия Федерациясининг Украинага қарши урушини тугатишга ёрдам берадиган 12 тамойилни ўз ичига олган «тинчлик ташаббуси»ни эълон қилди. 

Ҳужжатда «уруш» сўзининг ўзи тилга олинмаган – ҳужжатнинг инглизча вариантида муаллифлар «можаро» ва «Украина инқирози» сўзларини ишлатган. 

Мавзуга оид