21:14 / 05.03.2023
21382

Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашув рўй берди

Тоғли Қорабоғда маҳаллий полициячилар ва озар ҳарбийлари ўртасида тўқнашув рўй берди. Икки томон ҳам қурбонлар ҳақида хабар қилган.

Фото: police.nk.am

Тоғли Қорабоғда тан олинмаган республика полицияси ходимлари ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлди. Икки томондан ҳам қурбонлар ва яраланганлар борлиги хабар қилинган.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 5 март куни озарбойжонлик ҳарбий хизматчилар 
гўёки Арманистондан Тоғли Қорабоғга қурол, ўқ-дори, шахсий таркиб ва миналар олиб кетаётган транспорт воситасини текширишган. Унга қарата ўт очилган, қурбонлар ва яраланганлар бор. Қурбонлар сонига аниқлик киритилмаган.

Ўз навбатида, Тоғли Қорабоғ полицияси Озарбойжон армияси «диверсия гуруҳи» полициянинг паспорт-виза бошқармси ходимлари навбатчи автомобилини ўққа тутгани ҳақида хабар берган. Натижада уч офицер ҳалок бўлган, яна бири яраланган. Полиция офицерлар қурол ташиш билан шуғулланмагани, балки хизмат жойига кетаётган бўлганини қўшимча қилган.

«Озарбойжон диверсия гуруҳи йўл ёқасидаги ўрмонзорда пистирма қўйган ва шу ердан автомобилга ҳужум қилган. Полиция ходимлари ҳамда яқин атрофдаги позицияда турган Мудофаа армияси ҳарбий хизматчиларининг ўзини мудофаа қилш ва жавоб қайтариш ҳаракатлари натижасида Озарбойжон томони ҳам қурбонлар бериб, олдинги позицияларига чекинган», — дейилган Тоғли Қорабоғ полицияси баёнотида.

Идора шунингдек «Озарбойжон мудофаа вазирлиги баёноти ёлғонлигини рад этиб бўлмас даражада исботловчи» видеоёзувни намойиш этган.

  • Маълумот учун, Тоғли Қорабоғ аҳолиси 80 кундан ошиқ вақт давомида блокада шароитида яшамоқда, бунга тан олинмаган республикани Арманистон билан боғловчи Лочин йўлаги ўзини экофаоллар деб атаган Озарбойжон фуқаролари томонидан тўсиб қўйилиши сабаб бўлмоқда. Боку намойишчиларни қўллаб-қувватлаган, аммо Қорабоғни ташқи дунёдан ажратиб қўймоқчи эмаслигини таъкидлаган. Шунга қарамай, блокада туфайли регионда озиқ-овқат, тиббий ёрдам, газ ва электр билан боғлиқ муаммолар юзага келган.
Мавзу
Озарбойжон-Арманистон чегараси яна нотинч
13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон қуролли кучлари тунда чегарадаги мамлакат қуролли кучлари позициялари ва аҳоли пунктларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди.
Барчаси
Top