21:12 / 06.03.2023
8375

Россия ва Марказий Осиё давлатлари миграция бўйича шартнома тайёрламоқда 

Гап меҳнат мигрантларини тайёрлаш марказлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. 

Фото: РИА Новости

Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат органлари миграция бўйича ҳукуматлараро келишувни тайёрлаш устида ишламоқда. Ҳужжатларни имзолашнинг аниқ санаси ҳозирча номаълум. Бу ҳақда Евросиё иқтисодий комиссиясининг Меҳнат миграцияси ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш департаменти директори Олтиной Омурбекова маълум қилди. 

«Гап, мен тушунганимдек, ишлаш учун кетаётган одамлар учун, хусусан, Россияга кетишдан олдин қандайдир тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида. Улар учун қонунчилик талаблари, маданий мослашув масалалари бўйича ўқув жараёни ташкил қилинади, балки тил курслари ҳам бўлиши мумкин», деди Олтиной Омурбекова. 

10 феврал куни Россия ТИВ МДҲ давлатлари департаменти директори Александр Стерник 2023 йилда миграция бўйича келишув имзолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берди.  

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда миграцияга тайёрловчи ўқув марказларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказларда Россияга боришни хоҳловчиларга бир қатор хизматлар, хусусан, рўйхатдан ўтиш хизмати кўрсатилиши режалаштирилмоқда. 

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга 3,47 миллион чет эл фуқароси кирган. Жумладан, Ўзбекистондан 377 минг, Тожикистондан 336 минг, Қирғизистондан 84 минг киши борган. 

Top