15:59 / 07.04.2023
7310

Москва биржасида евро 90 рублдан ошиб кетди

Фото: Picture Alliance

Москва биржасида 1 евро 90 рублдан, 1 доллар 82 рублдан ошди. Бунгача шунга ўхшаш кўрсаткичлар 2022 йилнинг апрель ойида қайд этилган эди.

Москва биржасида 1 евро Тошкент вақти билан соат 14:10 да 90,3 рубл, доллар 82,5 рубл кўрсаткичидан ошиб кетди. Бу ҳақда 7 апрель, жума куни биржа сайтида эълон қилинган валюта бозори ҳолати бўйича электрон табло маълумотларида айтилган. Бунгача шунга ўхшаш кўрсаткичлар 2022 йилнинг апрель ойида қайд этилган эди.

Таҳлилчилар рублнинг заифлашиши сабаблари орасида Россиядан капиталнинг чиқиб кетиши натижасида валютага спекулятив талабни, Ғарб санкциялари фонида экспорт камайиши билан импортнинг ўсишини, нефть нархи кўтарилиши туфайли Россия Молия вазирлиги чет эл валютаси савдосини камайтирганини келтирди.

2023 йил январь-февраль ойларида Россия бюджети тақчиллиги, Молия вазирлиги дастлабки маълумотларига кўра, 2,581 триллион рублни ёки йил учун режалаштирилган 2,925 триллион рублнинг деярли 90 фоизини ташкил этди. Муаммолар, таҳлилчиларга кўра, нефть ва газ сотишдан тушган даромадлар билан боғлиқ. Вазирлик дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, улар деярли ярмига қисқарди. Бу, асосан, нефть нархи пасайиши ва табиий газ экспорти қисқариши билан боғлиқ, деб эълон қилди Россия Молия вазирлиги. 

Мутахассислар таъкидлашича, газ экспорти камайиши ҳам Россияга ЕИ давлатлари томонидан жорий этилган иқтисодий санкциялар, ҳам Россиянинг ўзи «дўст бўлмаган» мамлакатларга энергия етказиб беришдан бош тортгани ва «Шимолий оқим» газ қувури ёпилиши билан боғлиқ. 

Иқтисодчи Сергей Алексашенко йил охиригача бу кўрсаткич 4,5 триллион рублгача кўтарилишини башорат қилди. «Молия вазирлигида бу тешикни ёпиш учун иккита манба бор: ҳозирда 6,5 триллион рублга эга бўлган Миллий фаровонлик жамғармасидан фойдаланиш. Шунга кўра, улар тешикни 2023 йилга ёпишса, унда бир неча триллион рубль қолади. Иккинчи вариант. давлат банкларининг кредити, улар билан музокаралар олиб бориш осон бўлади ва банклар, ҳозирги ҳақиқатда, инвестиция қиладиган жойи йўқ, шунинг учун бу улар учун ҳам фойдалидир. Энди Молия вазирлиги ўзини нисбатан хавфсиз ҳис қилиши мумкин, аммо 2024 йилги бюджет тушунарсиз ҳолатда қолишини биляпти», деди Алексашенко. 

Top