21:21 / 10.04.2023
14284

Дунё океанидаги сув ҳарорати рекорд даражага кўтарилди 

Апрель ойининг бошидан бери океан юзасининг ўртача ҳарорати 21,1°С даражага етди. 

Фото: Alister Doyle/Reuters

Дунё океанининг ҳарорати сунъий йўлдош орқали ўтказилаётган кузатишлар даврида рекорд даражага кўтарилди, деб хабар берди The Guardian. Бу дунё бўйича экстремал об-ҳаво шароитларига олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда олимлар. 

Океан ва Атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси (NОАА) дастлабки маълумотларига кўра, апрель ойининг бошидан бери океан юзасининг ўртача ҳарорати 21,1°С бўлиб, 2016 йилда қайд этилган аввалги максимал 21°С даражадан ошиб кетган. Иқлимшуносларнинг таъкидлашича, океан юзаси ҳароратининг кўтарилиши глобал бўронлар ва музликларнинг эриши хавфини оширади. 

Сўнгги уч йил ичида Тинч океанидаги «Ла Нинья» об-ҳаво феномени сув юзаси ҳароратини совуқ ҳолда ушлаб турган эди. Аммо NOAA олими, доктор Майк МакФадден сўзларига кўра, бу давр ниҳоясига етди. 

«Океандаги иссиқлик миқдори ортиб бормоқда ва у тобора экстремал об-ҳаво шароитларининг юзага келиши учун хизмат қилмоқда», деди олим. 

Top