Ўзбекистон | 16:16 / 11.04.2023
16796
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига пенсия ёшини оширишни тавсия қилди

Ўзбекистон пенсия ёши аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёшни ташкил этаётган ягона собиқ совет республикасидир.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳақда Жаҳон банкининг (ЖБ) 2022 йил декабрида эълон қилинган «Инсон капитали ва сув инфратузилмасига харажатлар самарадорлигини ошириш» шарҳида айтилган.

ЖБ маълумотларига кўра, 1990-йиллардаги ўтиш даври ислоҳотлари жараёнида кўплаб мамлакатлар пенсия ёшини 2-3 йилга оширган. 2000-йилларнинг иккинчи ўн йиллигида мамлакатлар узоқ вақт кечиктирилган пенсия ёши бўйича ислоҳотларни бошлаганида (Украина, Беларус, Россия) оширишнинг иккинчи тўлқини бошланди. Илгари пенсия ёшини оширган мамлакатлар ушбу босқичда аёллар ва эркакларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич тенглаштиришга алоҳида эътибор қаратди (Озарбойжон, Арманистон, Молдова, Литва ва Қозоғистон). Эстония, Латвия, Литва ва Озарбойжонда пенсия ёши аёллар ва эркаклар учун 65 ёшга кўтарилди.

«Пандемия ва юқори ишсизлик даврида пенсия ёшини оширишни бошлаш мақсадга мувофиқ эмас. Аммо амалиёт шуни кўрсатадики, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уни амалга ошириш бошланишигача, пенсия ёшидаги ходимларга ҳаёт режаларини ўзгартириши учун мослашишга вақт бериш тавсия этилади», дейилади шарҳда. 

ЖБ экспертлари фикрига кўра, 202-2030 йилларга мўлжалланган миллий ижтимоий ҳимоя стратегияси доирасида пенсия ёшини 2025 йилдан бошлаб секин (йилига 3-4 ой) 65 ёшгача оширишни назарда тутувчи қарор қабул қилиш энг яхши вариант бўлади.

Таъкидланишича, келажакда бу меҳнатга лаёқатли ва пенсия ёшидаги аҳоли ўртасида чегарани босқичма-босқич ўзгартириб, демографик босимини камайтиради. Ишчи кучининг демографик ўсиш салоҳияти тугагунга қадар (2040-йилларнинг ўрталарида) буни амалга ошириш учун мамлакатда вақт бўлиши жуда муҳим, чунки бу миллий рақобатбардошлик масаласидир.

«Қўшни мамлакатларда туғилиш ва пенсия ёши сезиларли даражада юқори, бу эса уларга маълум афзалликларни беради. Узоқ муддатли истиқболда пенсия ёшини ошириш пенсия тизими ва давлат молиясининг молиявий барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради», деб хулоса қилди ЖБ экспертлари. 

Мавзуга оид