09:05 / 15.04.2023
3958

Европа Кенгаши Навалнийнинг соғлиғи ҳолатидан хавотирда

Европа Кенгаши колонияда Алексей Навалнийга тўғри тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Фото: AP

Европа Кенгаши раҳбарлари россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг соғлиғи ҳолатидан хавотирда. Тегишли баёнот 14 апрель, жума куни халқаро ташкилот матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

«Россияда заҳарланиш йўли билан ҳаётига суиқасддан сўнг икки йилдан ортиқ қамоқда сақланаётган Алексей Навалнийнинг соғлиғи шиддат билан ёмонлашаётгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотир билдирамиз», — дейилади баёнотда. «Алексей Навалнийга нисбатан ёмон муносабат ва қамоқда сақлашнинг оғир шароитлари ҳақидаги хабарлардан жиддий хавотирдамиз ва биз Россияни зудлик билан тегишли тиббий ёрдам кўрсатишга чақирамиз», — дейилади унда.

Кенгаш Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси қарорларини эсга олди. Улар, шунингдек, Навалнийни зудлик билан озод қилиш чақириғини такрорладилар ва Россия суднинг барча якуний қарорларини тўлиқ бажаришга сўзсиз мажбурлигини таъкидладилар.

Баёнот муаллифлари Исландия ташқи ишлар вазири, вазирлар қўмитаси раиси Тордис Колбрун Рейкфьорд Гюльфадоттир, Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси раиси Тини Кокс ва ташкилот бош котиби Мария Пейчинович-Бурич бўлди.

Top