10:47 / 20.04.2023
9028

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Хитойга ташриф буюрди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги мамлакат делегацияси ташриф билан Хитойга борди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Сафар давомида Хитойнинг бир қатор вазирлик ва идораларида учрашув ҳамда музокаралар ўтказиш, Хитой провинцияларига ташриф буюрган ҳолда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Хитой Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашув давомида мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Хитойнинг мазкур соҳадаги улкан тажрибасидан фойдаланиш ва Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида аҳолининг билим ва кўникмаларини кенгайтириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари, шунингдек, Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитасида  бўлди ҳамда мамлакатларимиз учун манфаатли бўлган йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказди.

Бундан ташқари, Хитой томони билан бирга ердан фойдаланиш ислоҳотлари, минтақавий ривожланиш ва урбанизация стратегияси, бандлик ва ижтимоий таъминотни ривожлантириш, озиқ-овқат ва стратегик захираларни бошқариш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Top