18:15 / 27.04.2023
19953

ММТВдан навбатдагиси. Бу сафар шармандали тендер натижаси бекор қилинди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати 2023/24-ўқув йили учун инглиз тили фанидан 1-11 синф машқ дафтарлари, дарсликлар сотиб олиш мақсадида жами 11 та лотда тендер ўтказган. Тендерларда негадир қиммат нарх таклиф қилган тадбиркорлик субъекти ғолиб деб топилиб, 30 фоиз арзон нарх таклиф қилган МЧЖ жараёндан четлаштирилган.

Сурат очиқ манбалардан олинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан 2023/24-ўқув йилига инглиз тили фанидан 1-11 синф машқ дафтарлари, дарсликлар ва ўқув методик мажмуалар сотиб олиш учун 11 та лотда тендерлар ўтказилган. Аммо бу тендер натижалари давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия йиғилиши баёни билан бекор қилинган.

Давлат харидлари электрон тизимига мазкур йиғилиш баённомаси жойлаштирилди. Унда ёзилишича, мазкур харид бўйича баҳолаш мезонларида рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар мавжуд бўлган. Бу эса тендер савдолари иштирокчиларининг манфаатлари бузилишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Баённомага кўра, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи тендер савдолари иштирокчилари ўртасида камида 30 фоиз арзон нарх таклифини берган, бироқ бу харид комиссияси томонидан инобатга олинмаган.

Комиссияга тақдим этилган ҳужжатлар ва иш ҳолати батафсил ўрганиб чиқилганида, асоссиз равишда тендердан четлатилган “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи МЧЖнинг нарх таклифи ғолиб иштирокчининг таклифидан 30 фоизгача пастлиги маълум бўлган.

Давлат буюртмачиси товарларнинг қийматини ҳисобга олиши, давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиши, товарларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни таъминлаши кераклиги инобатга олиниб, “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан ўтказилган юқоридаги давлат харидлари комиссия қарори билан бекор қилинган.

Бу – “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан харидларни қиммат нархда амалга оширишга бўлган илк уриниш эмас.

Олдинроқ Kun.uz мазкур корхона ўқув қуроллари хариди учун 12 та тендер ўтказгани, уларнинг 4 тасини ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма, биттасини фаолият тури автомашиналарни ювиш бўлган фирма ютиб олгани ҳақида ёзганди. Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, ғолиб фирмалар билан 13,5 млрд сўм қиммат нархларда шартнома имзоланган.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top