15:16 / 02.05.2023
8347

Берлинда Германия-Ўзбекистон бизнес форуми бўлиб ўтди

2 май куни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида Берлин шаҳрида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат 250 дан ортиқ йирик компаниялари, банклари, давлат идоралари ва саноат бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон–Германия муносабатлари фаол ривожланиб бораётгани, бунга икки давлат раҳбарларининг ишончи ва сиёсий иродаси туфайли эришилганини айтди.

Расмий релизга кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг сўнгги 5 йил ичида 2 бараварга ошган. 2022 йил якунига кўра, икки томонлама савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга кўпайган ва биринчи марта 1 миллиард евродан ошган.

Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробар кўпайиб, 200 тадан ошган. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсиб, бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда. Германиянинг MAN, Claas, Knauf, GP Papenburg, Viessman, Deutsche Kabel, LEMKEN каби компаниялари Ўзбекистонда фаол бизнес юритиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.

Бизнес-форумда Германия ишбилармон доираларига Ўзбекистондаги кадрлар салоҳияти, мамлакатнинг географик жойлашуви, МДҲ давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефициари мақоми, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишлари, бой хомашё ресурслари ҳамда мамлакат раҳбариятининг қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.

Энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таклиф этилди.

Форум дастури “B2B” музокаралари ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги мисоллар ва лойиҳалар тақдимоти билан давом этди.

Top