Спорт | 11:49 / 07.05.2023
40904
2 дақиқада ўқилади

Виктор Жалилов вафот этди

У ўз вақтида «Навбаҳор» ва «Пахтакор» клублари билан Ўзбекистон чемпиони бўлганди.

Фото: Getty Images

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатор клубларга устозлик қилган мутахассис Виктор Жалилов  71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

«Таниқли футбол мутахассиси Виктор Жалиловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз», дейилган хабарда.

Виктор Жалилов 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини «Пахтакор» ва «Текстилчи» (Наманган) клубларида ўтказган.

Мураббийлик фаолиятини «Соҳибкор» клубида бошлаган, кейинроқ Тошкент вилоятининг «Политотдел» клубида ишлаган. 1995-1997 йилларда Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритган ва ушбу жамоага тарихдаги биринчи ва ҳозиргача ягона бўлиб қолаётган чемпионликни олиб келган. 

У 2002 йилда «Пахтакор» клуби билан ҳам Ўзбекистон чемпионига айланган. Бундан ташқари, турли жамоалар билан уч бор кумуш медал, тўрт бор бронза медалларни қўлга киритган, Ўзбекистон кубоги учун турнирларда тўрт бор ғолиб чиққан. Уч марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Мураббийлик фаолияти давомида Қашқадарё вилоятининг «Машъал» ва Самарқанд вилоятининг «Динамо» клубларида ҳам ишлаган, 2015 йилда Ўзбекистон U-22 жамоасига бош мураббий этиб тайинланган.

Унинг сўнгги иш жойи «Навбаҳор» клуби бўлганди. У сўнгги йилларда Наманган клубида бош мураббий, 2022 йилдан маслаҳатчи мураббий сифатида Самвел Бабаянга ёрдам бериб келаётганди.

Мавзуга оид