Жаҳон | 12:56 / 08.05.2023
19031
2 дақиқада ўқилади

Россия тунда Киев ва Одессага ҳаво ҳужумларини амалга оширди

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Киевга ҳужум қилган Россиянинг барча дронлари уриб туширилганини маълум қилди. Одесса томон отилган ракеталар нишонларга қисман тегди.

Фото: Reuters

8 май, душанбага ўтар кечаси Россия Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136/131 камикадзе-дронлари билан Киев ва Одесса вилоятларига ҳаводан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина ҳарбий-ҳаво кучлари. Хабарда айтилишича, Киевга ҳужум қилган 35 та УУАнинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган.

Украина ҳарбийларига кўра, Россия қўшинлари Киевга шимолий йўналишдан – Брянск вилоятидаги Сешча аэродромидан ҳужум қилган. Маъмурият раҳбари Сергей Попко сўзларига кўра, Киевда беш нафар фуқароси жабрланган, шаҳарда автомобиллар ва деразалар шикастланган. 

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг хабарида, шунингдек, Россиянинг узоқ масофали Ту-23М3 бомбардимончи самолётлари Қримдаги Тарханкут бурни ҳудудидан саккиз марта ракета учирганлиги айтилади. Украина ҳарбийларининг аниқлик киритишича, «ракеталарнинг бир қисми нишонга тегмаган». 

Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти спикери Сергей Братчукнинг Telegram-каналида Одесса вилоятидаги вайронагарчилик тасвирлари эълон қилинди. 

8 майга ўтар кечаси Винница, Кировоҳрад, Черниҳив, Полтава, Миколайив, Днипропетровск вилоятлари ва Херсон вилоятининг Украина назоратидаги қисмида ҳам ҳаво тревогаси эълон қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид