АҚШ Россиянинг жосуслик дастурини зарарсизлантирганини эълон қилди
У 20 йил давомида махфий ҳужжатларни ўғирлаш учун ишлатилган.
АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) халқаро ҳамкорлар билан биргаликда жосуслик дастурлари билан зарарланган компьютерларнинг халқаро тармоғини аниқлади ва йўқ қилди. Унинг ёрдамида Россия разведка хизматлари камида 50 та мамлакат, жумладан НАТО аъзолари, шунингдек, журналистларнинг махфий ҳужжатларига кириш имконига эга бўлган. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
АҚШ расмийларига кўра, гап Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 16-маркази томонидан ишлаб чиқилган Snake жосуслик дастури ҳақида бормоқда.
«Суд ҳужжатларида Turla номи билан аталган ушбу марказ 20 йил давомида камида 50 та давлатдаги, жумладан Шимолий Атлантика альянси аъзоларининг юзлаб компьютерларидан махфий ҳужжатларни ўғирлаш учун Snake зарарли дастурининг турли версияларидан фойдаланган», дейилади баёнотда.
Ўғирлангандан сўнг, бу ҳужжатлар зарарланган компьютерлардаги «махфий тармоқ» орқали юборилган. Тергов хулосаларига кўра, операциялар ФХХ Рязан шаҳри штаб-квартирасидан амалга оширилган.
ФҚБ жосуслик дастурини Perseus разведка агентлиги томонидан ишлаб чиқилган восита ёрдамида ўчиришга муваффақ бўлган. У Snake зарарли дастурини ўзининг муҳим таркибий қисмларини қайта ёзишга мажбурлаган.