Нуқтайи назар | 16:45 / 15.05.2023
360780
2 дақиқада ўқилади

Геосиёсий жиҳатдан, Ўзбекистонга ким маъқул?

Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлади. Ўзбекистоннинг геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, Туркиядаги сайловларда кимнинг ютгани маъқулроқ?

Фото: Umit Turhan Coskun/NurPhoto/picture alliance

Эрдўған – кўп қутблилик номзоди, исломий консерватизм ва туркий бирлик тарафдори.

Қиличдорўғли – дунёвий либерал-демократия номзоди, ғарб билан яқинлашиш, Россия ва Хитойдан масофаланиш тарафдори.

У Туркий бирликдан воз кечмайди, лекин туркий бирликка Эрдўғанга нисбатан бироз камроқ эътибор бериши мумкин.

Хўш, Ўзбекистон учун, ким маъқул?

Кўп қутблилик – керакли нарса. Дунё бир қутблиликдан анча чарчади. Лекин, муаммо шундаки, кўп қутблиликнинг асосий ижодкорлари – бизнинг ёнимиздаги икки империя – Россия ва Хитой ҳисобланади.

Кўп қутблилик кучайиши – Марказий Осиёнинг шу икки империя томонидан ютилишини англатади.

Дунёга кўп қутблилик керак бўлса, бизнинг минтақага Москва ва Пекинни тийиб турувчи глобал тизим керак.

Демак, иккала номзоддан ҳар бирининг биз учун ижобий ва салбий жиҳатлари бор экан. Эрдўған келса, кўп қутблилик тезлашади. Лекин, Эрдўған бу кўп қутблиликни “туркий бирлик” орқали компенсация қилиши мумкин.

Қиличдорўғли келса, Россия ва Хитойни тийиб турувчи тизим кучайиб бошлайди. Лекин, маълум вақт туркий бирлик паузада бўлади ёки бу лойиҳага эҳтиёж пасаяди.

Аслида, ҳаммаси минтақа давлатларига, элиталарига ва жамиятларига боғлиқ. Туркия қанча ёрдам қўлини чўзмасин, минтақа ташқи таҳдидлар қаршисида фалаж қолаверса – ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Марказий Осиё минтақасининг ўзи ташаббус кўрсатиши ва ўзининг глобал субъектлигини ошириши керак бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

  • Kun.uz “Нуқтайи назар” рукни остида ҳажми 500 та сўздан ошмайдиган, муаллиф нуқтайи назари ифодаланган ихчам мулоҳаза-мақолаларни бериб боради. Келгусида рукн фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилган.

Мавзуга оид