Ўзбекистон | 16:32 / 30.05.2023
22583
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда Украина байроғи ечилишининг қандай оқибатлари бор?

Украинадаги уруш масаласида Ўзбекистон ҳукумати нейтрал позиция танлаганини тушуниш мумкин, лекин бу нейтраллик жамиятдан ҳам талаб қилиниши тўғри эмас. Бу қонунчиликка ҳам, сиёсий манфаатларга ҳам зид. Қолаверса, давлат ўз фуқароларига босим қилаётганини кўрган ташқи кучлар босимни яна ҳам ошириши мумкин.

23 май куни, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан биридан, балконда осилиб турган Украина байроғи ечиб олинган. Хонадон 8-қаватда жойлашган бўлган. Байроқ эса, балконнинг ички қисмида илинган бўлган.

Бу вақтда уй эгаси Режеп Латипов оиласи билан Туркияда дам олишда бўлган. Ички ишлар ходимлари хонадон эгасига телефон қилиб, ундан “Украина фуқаросимисиз?” деб сўраган. “Йўқ, Ўзбекистон фуқаросиман” деган жавоб олингач, унинг балконидаги илиниб турган Украина байроғи олиб ташланишини айтишган.

Бир қарашда, кимнингдир балконидан бошқа давлатнинг байроғи ечиб олиниши – кичик ишдек кўриниши мумкин. Лекин, аслида, бу Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати учун, жиддий масала.

Аввало, ички ишлар ходимлари томонидан, махсус техника ёрдамида, Латипов хонадонидан Украина байроғи олиб ташланиши, тескари эффект берди. Украина байроғи реклама қилинди. Жамият кўплаб саволлар берди. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар “бу иш қонунийми?” “наҳотки Россиядан қўрқиш шу даражада бўлса?!” деган фикрлар билдиришди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фақат Ўзбекистон байроғига нисбатан муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган. Бошқа давлатларнинг байроқларига ўзбекистонликларнинг муносабати, на салбий, на ижобий шаклда, регламентга солинмаган. Демак, қонунга кўра, бирон ўзбекистонликнинг бошқа давлат байроғини ўз уйига илиб қўйиши – ҳуқуқбузарлик эмас.

Украина–Россия урушида Ўзбекистон ўзининг нейтраллигини таъкидлаб келади. Лекин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Сенати ва бошқа давлат органлари ҳамда мулозимларининг шу пайтгача берилган баёнотларидан билиш мумкинки, Ўзбекистоннинг бетарафлиги – бефарқлик эмас.

Яъни, Ўзбекистон ўзининг бетарафлигини билдирар экан, ушбу бетарафлик замирида давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги каби қадриятларни кўришини айтиб келади. Бу билан, Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини урғуловчи нейтралликда туради. Нейтралликдан мақсад эса – Ўзбекистонни ушбу урушга, можарога тортишларига имкон бермаслик.

Муҳим нуқта, Украина–Россия урушида назарда тутиладиган “нейтраллик” – бу давлатнинг позицияси. Яъни ҳукуматнинг, ҳокимиятнинг позицияси. Лекин, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига кўра, халқ, жамият эркин бўлиши, ҳокимият мана шу эркинликни таъминлаши керак.

Нейтраллик халққа нисбатан жорий қилиниши мумкин эмас. Оддий одамлардан “урушда ҳеч кимнинг тарафида турманг!” дейиш ғалати бўлади. Буни талаб қилиш ва таъминлаш – давлатнинг ҳуқуқий эмаслигини билдиради, одамлардан эркин фикрлаш ва қадриятларини ифода қилиш ҳуқуқини олиб қўйганини англатади.

Ҳуқуқий-демократик давлатларда, ҳокимиятнинг позициясини ҳам халқ, жамият белгилаб беради. Агар ҳокимият Россиядан эҳтиёт бўлиб, нейтраллик эълон қилганда ҳам, буни халқдан талаб қилиши, қонунчиликка ва сиёсий манфаатларга зид ҳисобланади.

Энди, ички ишлар тизими, фуқаронинг дахлсизлигини қўпол бузиб, унинг балконидан Украина байроғини олиб ташлар экан, бу ишнинг бир қанча салбий оқибатлари бўлади.

Бундан кейин, ички ишлар тизими, СССР байроғи, Георгий лентаси ва шунга ўхшаш тимсоллар билан ҳам курашиши керак бўлади. Бу ишни Ички ишлар вазирлиги қила оладими?

Ўз фуқароларига босим қилаётган давлатни кўриб, Россия Ўзбекистонга босимни янада оширмайдими? Қўрқув ва эҳтиёткорлик мотиви асосида фикрлайдиган давлат, ташқи босимларга жуда қулай бўлиб қолиши аниқ ҳолат-ку.

Мисол учун, қўшни Қозоғистон ҳукумати ҳам Украина-Россия урушида, нейтраллигини билдирди. Лекин халқ, жамият шу пайтгача кўплаб намойишлар ўтказиб, урушга қарши ўз эътирозини билдирди, минглаб намойишчилар Украина байроқларини кўтариб, ушбу давлатга ўз ҳурматларини билдиришди.

Ўзбекистонда эса, давлат, кимнингдир ҳеч кимга кўринмайдиган балконида осилиб турган Украина байроғини олиб ташлади. Бу билан давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, манфаатлари ва қадриятлари учун ҳуқуқий зиддият ва муаммо яратилди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид