08:53 / 01.06.2023
16795

Балида бир неча ўзбекистонлик қўлга олинди. Улар гиёҳванд моддалар савдосида гумонланяпти

Бали полицияси халқаро гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар тармоғини фош этгани, бир неча Россия ва Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Фото: KOMPAS/COKORDA YUDISTIRA

Индонезиядаги Kompas портали ҳибсга олинганларнинг умумий сонидан икки нафар россиялик - Денис Комаров ва Денис Романовнинг исмларини келтирди.

РИА "Новости" хабарига кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқароси А.Б. ва М.Х. ҳам ҳибсга олинган. Ҳибсга олинган хорижликларнинг аниқ сони айтилмаган.

“Полиция ходимлари 1678 грамм марихуана, 67 грамм гашиш ва учта пневматик тўппонча кўринишидаги далилий ашёларни мусодара қилди. А.Б. Денис Романовдан кўрсатма олганини ва уларга буюртма берган хорижликларга гиёҳванд моддалар етказиб берганини тан олди”, — дейилади хабарда.

Кейинроқ асли ўзбекистонлик М.Х. Бадунг округи, Керобокан туманидаги виллалардан бирида полиция томонидан қўлга олинган. Ходимлар қўлга олинган шахсдан марихуана, гашиш ва кокаинни мусодара қилди.

Маълумотларга кўра, М.Х. Комаровдан гиёҳванд моддаларни олгани ҳақида гумон бор. Сўроқ пайтида Комаров ҳам, Романов ҳам бошқа гумонланувчиларга товар сотганликларини тан олишмаган. Тергов давом этмоқда.

Top