20:00 / 17.06.2023
9556

Донорлар ҳуқуқи, имтиёз ва кафолатлари ҳақида маълумот берилди

Донорларга пул мукофоти, қўшимча таътил кунлари, шунингдек, бошқа имтиёзлар берилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (ҳозир 1 млн 650 минг сўм) миқдорида бирйўла бериладиган пул мукофоти олади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Мазкур кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.

Қон топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинади.

Донорга ҳар сафар қон топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча 1 кун берилади. Донор хоҳишига кўра мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.

Донорлик учун пул мукофотлари, шунингдек тиббиёт муассасаларининг ходимлари томонидан қон олганлик учун олинадиган суммалар солиқ тўловчининг жами даромади таркибига киритилмайди.

Донор ходимларга кўрикдан ўтиш, қон топшириш ва қон топширилган ҳар бир кундан кейин бериладиган дам олиш кунлари учун тўлов, ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш жумласига киради.

Донорларнинг соғлиғи сақланиши тиббиёт ходимлари томонидан кафолатланади ҳамда соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланади.

Top