14:22 / 23.06.2023
15041

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказди 

Бугун, 23 июнь куни “Тўполанг ГЭС” унитар корхонасига ташкиллаштирилган пресс-тур доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Пресс-турда мамлакатимизнинг нуфузли ва етакчи ОАВ вакиллари, хорижий ОАВнинг Ўзбекистондаги вакиллиги ходимлари – жами 40 га яқин журналист ва блогерлар фаол иштирок этмоқда.

Жонли ва қизиқарли кечган мулоқот давомида Бошқарув раиси томонидан “Тўполанг ГЭС” УК фаолияти, ундаги инсон омилисиз бошқарилувчи замонавий технологиялар, ГЭСда ўрнатилган “ақлли бошқарув тизими”га доир маълумотлар; Тўполанг сув омбори тарихи ҳамда ундаги сув ҳажми, босқичма-босқич сув омбори ҳажмини ошириб бориш, хавфсизлигини таъминлаш борасидаги илғор тизимларни ўрнатиш; Тўполанг гидроузели; Тўполанг дарёси сувидан унумли ва самарали фойдаланиш мақсадида барпо этилган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик ГЭСлари; режалаштирилган янги инвестициявий лойиҳалар (Зарчоб-3 кичик ГЭС ва Юқори Тўполанг ГЭСлари); ГЭСлардаги электр энергия ишлаб чиқариш фаолияти; тизим ташкилот ва корхоналарининг фаолияти; Жамият томонидан амалга оширилаётган тизимли фаолият, истиқболли лойиҳалар; қўшни Тожикистон Республикаси билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган гидроэнергетик лойиҳалар (хусусан Яван ГЭС қурилиши лойиҳаси); тобора эътибор кучайиб бораётган “яшил” энергетика ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбир давомида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга Бошқарув раиси томонидан тўлиқ ва батафсил жавоблар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда янги истиқболли лойиҳа асосида 16 МВт бўлган “Зарчоб-3” ГЭС қурилиши бўйича дастлабки ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, истиқболли лойиҳалар асосида кейинги йилларда Тўполанг дарёсининг юқори қисмида жами 20 та лойиҳалар асосида қуввати 264 МВт бўлган Юқори Тўполанг ГЭСлари қурилади.

Ушбу жараёнда эса Жамият томонидан хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган микро ГЭСларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида жами 55 та лойиҳа асосида жами қуввати 25,8 МВт бўлган лойиҳалар ишга туширилади. Шундан 2023 йилда 8 та лойиҳа асосида жами қуввати 10,1 МВт бўлган янги лойиҳалар ишга туширилиб, аҳолига тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу борада, Жамият томонидан қуввати 9,1 МВт бўлган 5 та лойиҳа ишга туширилиши, хусусий сектор томонидан янги 3та лойиҳа – қуввати 1 МВт бўлган микро ГЭСлар ишга туширилади.

Амалга оширилган ишлар натижасида 582 млн м3 табиий газ иқтисод қилинишига эришилади. Шунингдек, 1560 та янги иш ўринлари яратилиб, 850 000 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Сурхондарёдаги Тўполанг сув омбори Сариосиё тоғларидан оқиб тушган сувларни бир жойга тўплаш натижасида вужудга келган. Ўзига хос табиати ва баланд тоғлар қуршовидаги ушбу катта гидроиншоот бу ерда яшовчи аҳоли учун энг зарур манба ҳисобланади. Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги экинзорлар мазкур сув омбори орқали суғорилса, унинг қуйи қисмидаги ГЭСлар қуввати вилоятнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди. Тўполанг сув омборининг сиғими 500 млн м3 га тенг.

Президентимизнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Тўполанг сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатмаларига мувофиқ, ҳозирги кунда вилоятнинг 11 та туманида амалий ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Бу жуда мураккаб лойиҳа бўлиб, даставвал Тўполанг сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилмоқда. Тўполанг сув омборидан олинган сув аввал асосий иншоотга қуйилади, кейин эса магистраль қувурга узатилади.

Лойиҳага кўра, Тўполанг сув омбори туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа якунида 11 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи 44 минг нафардан зиёд инсонларни илк марта ичимлик суви билан таъминлаш имконияти юзага келади. 18 минг 805 хонадонда яшаётган 75 мингдан зиёд кишининг бу борадаги таъминоти тубдан яхшиланади. Натижада, вилоят аҳолисининг марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоиздан ошади. Қолаверса, 945 та хонадон ёки 4 мингга яқин аҳолининг оқова сув қувури тизимига уланишига имкон яратилади.

Пресс-тур давомида Жамият Бошқаруви раиси билан ўтказилган жонли мулоқот журналист ва блогерлар учун мамлакатимиз гидроэнергетика соҳаси билан яқиндан тўлақонли танишиш, жорий ва истиқболли лойиҳалар, ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида етарлича маълумот олиш, амалий ишлаб чиқариш фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш, асосий кўрсаткичлар, таҳлилий маълумотларни олишга хизмат қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, халқимиз хонадонларидаги ёруғлик манбаи барқарорлиги, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириши шубҳасиз.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қурилаётган янги ГЭСлар, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар жонажон Ватанимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошишига муҳим ҳисса қўшади.

Ўзбекгидроэнерго ахборот хизмати

Top