18:15 / 27.06.2023
9025

2022 йилда жаҳондаги афюннинг 80 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилган — БМТ

Шунингдек, мамлакат аҳолисининг деярли 10 фоизи гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади.

Фото: Getty Images

Афғонистон ўтган йили жаҳондаги афюннинг 80 фоизини ишлаб чиқарди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (UNODC) ҳисоботига таяниб, TOLOnews хабар берди.

Бироқ, 2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон» радикал ҳаракатининг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид мамлакатда кўкнори етиштирилмаслигини айтди.

«Мана икки йилдан бери кўкнори етиштириш тақиқланган. Ишончим комилки, афюннинг бир фоизи ҳам ишлаб чиқарилмаган, агар ишлаб чиқарилган бўлса, йўқ қилинган. Бу 2023 йилда Афғонистонни кўкнори етиштиришдан бутунлай тозалаганимизни англатади... БМТ баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди», деди у.

UNODC томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, Афғонистонда 3,5 миллионга яқин одам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади, бу умумий аҳолининг деярли 10 фоизини ташкил қилади.

БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, Афғонистонда кўкнори етиштириш 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ошиб, 233 минг гектарни ташкил қилган.

Асосий экин майдонлари (73 фоизи) Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида бўлиб, у ерда ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши кузатилган. Жумладан, Ҳилманд вилоятида экин майдонларининг бешдан бир қисми кўкнори етиштиришга ажратилган.

Top