15:30 / 05.07.2023
16490

«МЮ» ёзги дастлабки трансферини эълон қилди

«Челси» клуби ва Англия миллий жамоаси яримҳимоячиси Мэйсон Маунт «Манчестер Юнайтед»нинг ёзги трансфер ойнасида дастлабки трансферига айланди.

Фото: Getty Images

Клуб расмий сайти хабарига кўра, «МЮ» англиялик 24 ёшли хавбек билан 5 йиллик – 2028 йилгача шартнома имзолаган. 

«Футболчи сифатида улғайган жамоангни тарк этиш осон эмас, аммо «Манчестер Юнайтед» карьерамнинг янги босқичида мен учун янги чақирувга айланади. «Юнайтед»га қарши ўйнаганман ва бу жамоа қанчалик кучли эканини биламан. Бу клубнинг бир қисмига айланишни сабрсизлик билан кутяпман ва ишонаманки, биз совринларни ютиш учун курашамиз», - дейди Маунт.

Фото: Getty Images

Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, манчестерликлар Маунт трансфери учун 55 миллион фунт тўлайди. Бонуслар билан трансфер қиймати 60 млн фунтга етиши мумкин. Мэйсоннинг янги клубидаги ҳафталик маоши 250 минг фунтни ташкил этиши хабар қилинганди.

Маълумот учун, Маунт «Челси» тарбияланувчиси саналади. У ўтган мавсум АПЛда 24 ўйинда 3та гол ва 2та ассист, ЕЧЛда эса 9 ўйинда майдонга тушган.

Top