13:28 / 06.07.2023
6523

Жамиятни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишда – инсон ҳуқуқлари бузилмаслиги керак. Ҳуқуқшуносдан қонунчиликка тавсиялар

Ўзбекистон ўзи қўшилган халқаро ҳужжатлар ва бош қомус – Конституцияга кўра, инсоннинг бирор бир фикрлаши чекланмайди, фақатгина ушбу фикрни тарқатиш қонунга биноан чекланиши мумкин. Лекин бу чекловларга риоя қилмасликнинг барчаси ҳам жиноий жавобгарликка олиб келмаслиги керак. Ўзбекистонда амалдаги қонунчиликда бу борада қандай тушунмовчиликлар бор, жазо чоралари адолатлими ҳамда “ҳўл-у қуруқни” ажратиб оладими? Ҳуқуқшунос Рустам Эшбоев шу ҳақда сўз юритиб, қонунчиликка ўз таклифларини берди.

Фото: iStock

Янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномалари мамлакат ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги қайд қилинди. Шунингдек, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланиши белгиланди.

Халқаро ҳуқуқ – Ўзбекистон қўшилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 29-моддасига кўра, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умумфаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.

Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 15-моддасига кўра, “ҳеч ким … қонун ҳужжатлари ёки халқаро ҳуқуққа кўра жиноят ҳисобланмаган ҳаракати ёки хато иш қилиб қўйганлиги учун жиноят содир этганликда айбдор деб топилиши мумкин эмас”;

Ушбу пакт 18-моддасида: “дин ёки эътиқод эркинлигига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар белгиланиши мумкин”лиги қайд этилган.

Халқаро ҳужжатнинг 19-моддасида эса, “ҳар бир инсон ҳеч бир тўсиқсиз ўз фикрига собит бўлиш ҳуқуқига эгалиги” мустаҳкамланган.

Уларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, инсоннинг бирор бир фикрлаши чекланмайди, фақатгина ушбу фикрни тарқатиш қонунга биноан ва мазкур Декларация ва Пактда кўрсатилган асослар бўйича чекланиши мумкин. Бироқ, бу чекловларга риоя қилмасликнинг барчаси ҳам жиноий жавобгарликка олиб келмайди.

Бугунги ахборот асрида шахснинг ўз хусусий уйидан чиқмай, ҳеч ким билан юзма-юз кўришиб-гаплашмай, ўз шахсий телефонида биргина қўл силкитиш билан англаб ёки англамаган ҳолда жиноят қилиш хавфи ошмоқда. Давлатлар учун ахборот хавфлари, хусусан диний ақидапарастлик хавфлар давлатнинг дунёвий, диний ёки бошқа кўринишга эга бўлишидан қатъий назар юзага келмоқда. Афсуски, тарихда, бугун ва келажакда ҳам бу каби омиллардан қарама-қарши манфаатли томонлар тўхтовсиз фойдаланади. Шу сабабли тегишли чораларни фақат қонун асосида “ҳўл-у қуруқни” ажратиб олган ҳолда амалга ошириш адолатдандир.

Бу борада президент Шавкат Мирзиёев ҳам “жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳар қандай жиноятга адолатли баҳо беришга қаратилган ишлар кескин кучайтирилиши”ни ҳамда “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берилиши”ни таъкидлаган эди.

Конституциянинг 33-моддасида ҳам юқоридаги халқаро декларация ва Пактда назарда тутилгани каби:

ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгалиги;

бу ҳуқуқларни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда жамоат тартибини таъминлаш … мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, Конституциянинг 20-моддасига кўра, ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Бу талаблар жамиятни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш билан бирга мазкур жараёнда инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик учун норма ижодкорлигида ҳар бир атама, сўз, тиниш белгиларга “минг марта ўлчаб бир марта кесган” ҳолда ёндашишни тақозо қилади.

Умуман жараёнларни яхшилаб тушуниб олиш учун ахборотларни шартли равишда 5 та турга бўлиш мумкин.

1.    Биринчи турдаги ахборотлар бу фойдали ахборотлардир. Масалан, табиий фанлар, технологиялар, тўғри тарбия ва одоб-ахлоққа оид бўлган билимлар.

2.    Иккинчи турдаги ахборотлар бу фойдасиз ахборотлардир. Масалан, қайсидир қўшиқчининг тушликда нима тановул қилиши кимгадир фойдали, кимгадир умуман фойдасиз бўлиши мумкин.

3.    Учинчи турдаги ахборотлар бу зарарли ахборотлардир. Масалан, гиёҳвандлик, психотроп моддаларни истеъмол қилиш, экстремизм, одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ахборотлар. Одатда бу каби ахборотларни бошқа турдаги ахборотлардан осон ажратиб оламиз.

4.    Тўртинчи турдаги ахборотларга бу барча инсоният учун зарарли бўлмасада, у ахборот кенг тарқалмаган бошқа ҳудуд ёки миллатлар учун билвосита зарарли бўлиши мумкин бўлган ахборотлардир. Масалан, субмаданиятлар яъни жамият маданиятининг кескин фарқланувчи жиҳатларини бошқа жамиятларга тарқатиш.

5.    Бешинчи турдаги бевосита зарарли бўлмаган ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилмаган бўлса-да, зарарли ва ақидапарастлик ахборотларини тарқатувчи манбалардан (сайт, ижтимоий тармоқ, шахслар ва ташкилотлардан) тарқалаётган ахборотлардир. Масалан, ақидапарастлик материалларини тарқатувчи сайтда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида мақола ҳам бўлиши мумкин. Youtube ёки бошқа платформаларда мутахассис бўлмаган шахслар ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги таъсирли мақола жойлаштирилган манба аслида бошқа кўплаб зарарли ахборотлар тарқатаётганлигидан дастлабки тарзда билмаслиги табиийдир.

Бунда, тўртинчи ва бешинчи турдаги ахборотларни тарқатмаслик бўйича нормаларни қўллашда ҳамда уларни фуқаролар томонидан бошқа турдаги ахборотлардан ажратиб олишда қийинчилик, адашиш ва уларнинг моҳиятини билмаслик кузатилади.

…Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасига кўра, 34 та қонунчилик ҳужжатларида ҳамда 3 та Олий суд Пленумининг қарорида ақидапарастлик сўзи ишлатилган. Бироқ, ақидапарастликни аниқлаш мезонлари ёки “ақидапараст” билан “ақидаси мустаҳкам шахс”ни ўзаро фарқлари қонунчилик ҳужжатларида ёки Олий Суди Пленуми қарорларида кўрсатилмаган.

Тўғри, ақидапарастлик материаллари аниқлаш бўйича давлат органларида таҳлилий ва мантиқий асосларга кўра маълум амалиётлар шаклланган. Шундай бўлса-да, ҳуқуқлар фақат қонун билан чекланиши мумкинлиги нормасидан келиб чиқиб, айнан қонун билан ақидапарастлик тушунчаси ва унинг аниқлаш мезонлари белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Жиноят кодексининг 244-1-модда ва 246-моддаларда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Шу билан бирга, ушбу моддаларда яна бошқа – диний экстремизм билан йўғрилган материалларни тарқатиш учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Маълумот учун қуйидаги хорижий тажрибани қайт этиш керак: Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг жиноят кодексларида ақидапарастлик (фундаментализм, фанатизм) ахборотларни тарқатганлик бўйича жиноий жавобгарлик белгиланганлик ҳолати топилмади;

Кўпгина аҳолиси мусулмон бўлган хорижий давлатларда (Миср, Туркия ва Малайзия каби) турли хил диний қарашлар бўйича ахборотни тарқатиш чекланмайди;

Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунида экстремизм – … миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси эканлиги қайд қилинган. Яъни қонун экстремизм, хусусан диний экстремизм нима эканлигини белгилаб беряпти.

Бу таърифга кўра ижтимоий хавфлилик жиҳатдан, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ахборотларни тарқатиш нисбатан экстремизм билан йўғрилган ахборотларни тарқатишдан енгилроқ ҳисобланади.

Шу сабабли, ҳуқуқий таъсир чоралар мақсадга эришиш учун зарур бўлган доирада мутаносиблик принципига асосланиши тўғрисидаги конституциявий принципга мувофиқ бу икки қилмиш учун битта моддада бир хил жазо санкциясини белгилаш тўғри эмас.

Агар биз, ақидапараст деб ўз ақидасидан келиб чиқиб, уни бу каби ақидага эга бўлмаган шахсларнинг адоватини қўзғатишга қаратилган ашаддий шаклларда ифода қилиш деб тушунадиган бўлсак, унда ақидапараст билан экстремизм ўхшаш бўлиб қолади. Бундай ҳолда, қонунчиликдан ақидапарастлик тушунчасини олиб ташлаб, уни ўрнига экстремизм тушунчасидан фойдалансак ҳам бўлади.

Ўз навбатида, қайд этиш керакки, Жиноят кодексининг 156-моддасида миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш … бўйича ҳам жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддада белгиланган (диний) адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш Жиноят кодексининг 244-1-моддасида белгиланган (диний) ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан ўхшаш ёки ақидапарастлик материаллар (диний) адоватни тарғиб қилувчи материалларга нисбатан ижтимоий хавфлилиги камроқ деб фикр қилиш мумкин.

Бироқ, Жиноят кодексининг 156-моддасида 244-1-моддасига нисбатан енгилроқ санкциялар назарда тутилган ҳамда мазкур 156-модда билан жиноий жавобгарликка тортиш учун олдин айбланувчига бу йўналишда маъмурий жазо қўлланган бўлиши талаб этилади.

Бошқача айтганда, мазкур ҳаракатнинг содир қилиш даражаси кўпчиликда юқори эканлиги ҳамда уни моҳияти содир қилувчи томонидан доимо ҳам англанмаслиги сабабли дастлабки тарзда маъмурий жавобгарликка тортиш орқали шахсга қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги тушунтирилади.

Қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши бўйича норма ҳамда тушунчага қонунда таъриф йўқлигидан келиб чиқиб, ҳозирча ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ахборотни тарқатиш, хусусан уни бир маротаба ва енгил кўринишда содир қилганлик ҳолатларини квалификация қилишда Жиноят кодексининг 2441-моддаси эмас, балки 156-моддасидаги аломатлари борлиги нуқта-назаридан кўриб чиқиш саволларни келтириб чиқармаслиги мумкин.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг 172-моддасига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни фан, техника, санъат ёки касб соҳаси бўйича билими бўлган шахс ўтказадиган махсус текшириш орқали олиш мумкин бўлганда экспертиза тайинланади.

Ақидапарастлик бўйича ахборотларни аниқлашда доимий экспертиза тайинланади ва қолаверса, уни аниқловчи мезон қонунда йўқ.

Қонунчиликка кўра, диншунослик экспертизаси диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказиш бўлиб, у бир қатор маълумотлар тақдим қилингандан кейин 10 иш куни мобайнида ўтказилади.

Маълумотларга кўра, диний қонун-қоидаларни ўргатиладиган диний таълим муассасаларни бир йилда 400-500 нафар битирувчилар бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам диний қонун-қоидаларни нозик жиҳатларигача билади ва ақидапарастлик ахборотларни тўлиқ фарқига боради деб айтиб бўлмайди.

Демак, диний қонун-қоидаларни тўлиқ билмасдан ҳамда махсус тадқиқот орқали текширишмасдан (экспертизадан) олдин ахборотнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлигини аксарият шахслар билолмайди ҳамда буни тарқатиш жиноят эканлигини англаши ҳам қийин.

Қонунчиликда суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган манбалар рўйхатини эълон қилиб бориш белгиланган. Яқинда Олий суд томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган материаллар эълон қилинди. Бироқ, фақат ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни қайсилар эканлигини эълон қилинганлигини кузатмадик.

Зеро, Жиноят кодексининг 24 ва 35-моддаларига кўра, агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англамаган ёки унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган … бўлса, бундай қилмиш айбсиз ҳолда содир этилган, шунингдек, қилмишда ушбу Кодексда назарда тутилган аломатлар расмий жиҳатдан мавжуд бўлса-да, лекин у айбли бўлмаса, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади.

Шу билан бирга, Конституциямиздаги:

  • янги дунёвий давлат нормаси;
  • мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши;
  • ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги нормалар (ҳанафийлик мазҳабини юртимизда анъанавий бўлиб қолиш мақсадга мувофиқлигини эътироф этган ҳолда) экспертиза жараёнида диний қонун-қоидалардан оғишганликни аниқлашда ҳанафийликдан бошқа мазҳаблар бўйича материалларига (улар бевосита диний адоватни қўзғамаса) янада бағрикенгроқ муносабатда бўлишга ҳуқуқий имкон яратади.

Қайд қилинганларга кўра:

  • ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ахборотларни аниқлаш мезонлари ва уни бошқа зарарли ахборотлардан (масалан экстремизм) фарқли жиҳатларини қонун билан белгилаш;
  • ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ахборотларни тарқатиш учун жавобгарликни алоҳида қўшимча 156-1-модда билан ўрнатиш ҳамда унинг санкциясини Жиноят кодексининг 156, 244-1 ва 246-моддаларида белгиланган санкциялардан енгилроқ этиб белгилаш;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини “Ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш” деб номланган 184-4-модда билан тўлдириш;
  • тарқатишни даражаси, шахслар сони, мақсади, материалларни тилига қараб кодекслардаги моддаларни қисмларга бўлиш ва ҳар бири учун алоҳида санкциялар белгилаш мақсадга мувофиқлиги таклиф қилинади.

Таъсир чоралардан кўра, зарарли ахборотларнинг хавфини халқимизга онлайн ва офлайн тушунтирувчи тизимли институционал тузилмаларни жорий қилиш самарали бўлиб, бу нисбатан оғриқсиз амалга оширилади.

Ҳуқуқшунос Рустам Эшбоев муаллифлигидаги ушбу таҳлилий материал – айрим қисқартиришлар билан “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг электрон нашри - Hudud24.uz сайтидан олинди.

Top