Жамият | 19:06 / 28.07.2023
15438
4 дақиқада ўқилади

ФВВ автомобилни ёнғиндан асраш қоидалари ҳақида маълумот берди

Автомобилларда ёнғин келиб чиқишининг сабаби кўп, амалиётда энг кўп учрайдигани – электр симларининг қисқа туташуви ҳамда ёнилғининг сизиб чиқиши.

Автомобилдаги ёнғин кутилмаганда содир бўлиши ва жуда тез ривожланиши билан хавфлидир. Бундай вақтда нима қилиш керак?! Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) автомобилда ёнғинга сабаб бўлувчи омиллар, уларни бартараф этиш ва ёнғин вақтида қилинадиган ҳаракатлар тартиби ҳақида маълумот берди.

Автомобилларда ёнғин келиб чиқишининг сабаби кўп, амалиётда энг кўп учрайдигани – электр симларининг қисқа туташуви ҳамда ёнилғининг сизиб чиқиши.

Бензин ва дизелда ҳаракатланувчи автомобилларда ёнилғи сизиб чиқишини дарҳол пайқаш қийин. Агар двигатель совуқ ҳолатда бўлса, ёнилғи ҳидини салонда ҳам сезиш мумкин. Аммо, двигатель қизиб турган пайтда ёнилғи жуда тез буғланади ва уни сезиш мушкул. Бензин буғлари аланганланиш хусусиятига эга, бу эса жуда кичик учқун ҳам ёнғинга сабаб бўлишини англатади.

Сиқилган газ баллони ўрнатилган автомобилларда, асосан, газ баллонларидаги техник носозлик, ёрилиш, редуктор ва газ трубкасининг ишдан чиқиши оқибатида кўп миқдорда ёнувчи газ ташқарига сизиб чиқади. Бу ўз навбатида ёниш ва портлаш хавфини юзага келтиради. Бундан ташқари, айрим ҳолларда салонда чекиш, енгил алангаланувчи моддаларни ташишда эътиборсизлик оқибатида ҳам ёнғин содир бўлиши мумкин.

ФВВ тавсиясига кўра, транспорт воситасида ёнғин содир бўлганда қуйидаги амалларни бажариш лозим:

- Ҳар қандай ҳолда ҳам ваҳимага тушмаслик;

- Автомобилни йўлнинг четки қисмига, имкон борича одамлар ва бинолардан узоқроқ жойда тўхтатиш;

- Двигателни ўчириш, «қўл тормози»ни ишлатиш ва 101 рақами орқали ёнғин-қутқарув қисмига хабар қилиш;

- Ёнғин ўчоғини ва ёнғин кўламини баҳолашга ҳаракат қилиш.

Агар ёнғин ўчоғи ёнилғи баки ёки газ баллонида бўлса, ундан узоқлашиш керак. Бундай ёнғинни ўчиришга уриниш хавфли. Қутқарувчилар етиб келгунича ёнғиннинг бошқа автомобиллар ва биноларга ўтиб кетишини олдини олиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш лозим.

Агар ёнғин ўчоғи автомобилнинг двигатель қисмида бўлса, уни мустақил ўчиришга ҳаракат қилса бўлади. Аммо, капот қизиган бўлиши ва уни очишда куйиб қолиш эҳтимоли бор. Бундан ташқари, капотнинг очилиши ичкарига кислород кириб, ёнғинни янада авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли, ёнғин ўчиргични шай ҳолатга келтириб, мато билан капотни очиш тавсия этилади.

Ёнғин ўчиргични оловга тўғрилаб ишлатиш, бошқа йўловчи ва ҳайдовчиларни ҳам ёрдамга чақириш лозим. Ёнғинни ўчиришда тупроқ, қор, ариқ сувларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари ёнғин чиққан жойни кигиз, кўрпа, брезент, куртка ва бошқа ҳаво ўтказмайдиган мато билан ёпиш мумкин. Фақат мато зич ёпилиши керак. Акс ҳолда ёнғин янада кучаяди.

Ҳеч бир автомобиль ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлардан тўлиқ муҳофаза этилмаган. Ёнғин юзага келиши учун учта элемент – ёнувчи модда (ёнилғи, жиҳозлар ва б.), ёндирувчи манба (электр токи, юқори ҳарорат каби) ва кислород талаб этилиб, ушбу «ёнғин учбурчаги»нинг барча элементлари автомобилларда мавжуд ва кичик носозлик ҳам ёнғинга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, транспорт воситаларини техник соз ҳолатда бошқариш, ҳаракат давомида ҳушёрликни йўқотмаслик, автомобилда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари бўлишини таъминлаш лозим.

Мавзуга оид