12:44 / 07.08.2023
19888

Ургутдаги тўйда қирқдан ортиқ одам заҳарланди. Воқеа тафсилотлари ҳақида репортаж

2023 йил 3 август куни Ургут туманида ўтказилган тўйда қирқ икки киши заҳарланган. Ресторанда дастурхонга қўйилган таомлар уйда тайёрлангани айтилмоқда.  

Ургут туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Қобил Файзиев тўйда иштирок этган барча фуқаролар шифохонага олиб келинганини маълум қилди.

Файзиевнинг айтишича, Жарқишлоқ маҳалласидаги тўйхонада бўлган 63 кишининг ҳаммаси шифохонага олиб келинган. Аҳволи тезда яхшилангани сабабли 22 нафар беморга жавоб берилган, қолган беморлар шифокорлар назорати остида қолган. Етти нафар беморга “Ўткир овқат токсикоинфекцияси” ташхиси қўйилган. Бир нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Беморлар майонезли салат ва қовун-тарвуз истеъмол қилган. Улар ҳақиқатан ҳам тўй бошланишидан бир неча соат аввал тайёрланган майонезли салатдан истеъмол қилишганини тасдиқлашди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Ургут туман бўлими бошлиғи Дилшоджон Ҳамдамовнинг айтишича, тўй эгалари томонидан тўйхона ижарага олинган бўлиб, барча таомлар уйдан тайёрлаб борилган. Тўй бошланишидан бир неча соат аввал тайёрланган майонезли салат ҳам дастурхонга тортилган.

Олий тоифали шифокор Қобил Файзиев ҳозирги об-ҳаво шароитида одамларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолати кўпайганини маълум қилди. Шунингдек, тез айнувчи мевалар, сутли маҳсулотларни истеъмол қилишда эҳтиёткорликка чақирди. Эмизикли оналар ёзнинг иссиғида ташқаридан келиб фарзандини эмизиши ҳам мана шундай нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 19 июл куни Ургут тумани Жозмон маҳалласида жойлашган Бурҳон ота тўйхонасида ўтказилган тўйда ҳам оммавий заҳарланиш кузатилганди. Ўшанда жами 50 дан ошиқ одам антисанитария ҳолатда тайёрланган ҳамда сақланган майонезли салатдан заҳарланган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилганди.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top