20:23 / 09.08.2023
8902

Нодавлат боғча ва мактаб очиш учун имтиёзли кредит берилиши мумкин

Нодавлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш учун фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит бериш амалиётини жорий қилиш режалаштирилмоқда. 

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди. 

Унда белгиланишича, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагилар режалаштирилмоқда: 

- нодавлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит бериш амалиётини жорий қилиш; 

- юридик шахсларнинг мактабгача ва мактаб таълими ташкилотини қуришга сарф этиладиган харажатларини барча солиқлардан тўлиқ озод этиш; 

- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандлари учун мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва тарбия олиш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартибини жорий этиш; 

- умумий ўрта таълим тизимида «Йилига 500 минг ўқувчи ўрни» дастурини амалга ошириш, унинг доирасида 2023/2024-ўқув йилида 500 минг янги ўқувчи ўрни ташкил этиш. 

Фуқаролар ҳужжат муҳокамасида иштирок этиши ва таклиф бериши мумкин. Муҳокама жараёни 15 августгача давом этади. 

Top