11:41 / 06.09.2023
3743

Бишкекда КХШТ ва Қирғизистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳокама қилинди

Қирғизистон ташқи ишлар вазири КХШТ бош котиби билан учрашди.

Фото: Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Имангали Тасмагамбетов билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, томонлар КХШТ доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашган.

Тасмагамбетов суҳбатдошига 2023 йилнинг тўртинчи чорагида Минск шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси ҳамда Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, КХШТ Мудофаа вазирлари кенгаши ҳамда Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмитасининг қўшма мажлисига тайёргарлик ҳақида маълумот берган. 

Ўз навбатида, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Қирғизистоннинг КХШТ доирасидаги самарали ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини билдирди. 

Top