07:51 / 07.09.2023
4688

Ўзбекистон яна бир халқаро инвестиция жамғармасига аъзо бўлмоқда

Жамғарма маблағлари минтақалараро савдо, қўшма лойиҳалар, яшил иқтисодиёт, ахборот технологиялари, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Қонунчилик палатаси мажлисида “Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни (Анқара, 2023 йил 16 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси “Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун 18-моддасига мувофиқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши 7-саммитида давлат раҳбарлари томонидан маъқулланган. Keнгашнинг 2021 йилдаги норасмий саммитида Ўзбекистон президенти томонидан Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этишни жадаллаштириш ташаббус қилинган.

Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимнинг асосий мақсади – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида минтақавий савдони ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат. Ушбу битим Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этишни ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бирга, Туркий инвестиция жамғармаси доирасида ҳамкор давлатлар, жумладан, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия билан инвестициявий лойиҳаларни, хусусан, электротехника, енгил саноат, автосаноат, чарм саноати, қурилиш материаллари соҳаларида қўшма саноат кооперацияси каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилади.

Жамғарманинг маблағлари минтақалараро савдо, қўшма лойиҳалар, яшил иқтисодиёт, ахборот технологиялари, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Top